Бироз олдин якунига етган баҳс кўпчиликда турли хил фикр уйғотди. "Пахтакор"нинг мавсумдаги биринчи очко йўқотиши, "Олимпик"нинг амалдаги чемпиондан 1 очко олгани бошқа масала. Ўйин якунида барчанинг эътибор марказида ҳакамлик бўлди. Афсуски, яна ҳакамлик...
Негадир, бизни ҳакамликда воқеалар ривожига қараб рефериларнинг қарорлари ўзгаради. Агар бир жамоага 100 фоизлик вазият учун пенальти белгиласа, ўйин якунига қадар 25-30 фоизлик фол учун албатта 11 метрлик нуқтани кўрсатади.
"Олимпик" ва "Пахтакор" тўқнашувида ҳам шундай вазиятга гувоҳ бўлгандекмиз. Ҳакам "шерлар"га қизил карточка кўрсатгач, иккинчи бўлим бошида "Олимпик"ни бир киши кам бўлиб қолишини "таъминлади". Келинг, ўша эпизодни кўриб чиқамиз.
Чераннинг узатмасидан сўнг Азиз Турғунбоев рақибдан тезликда ўтди, аммо "Олимпик" ҳимоячиси "корпус" ёрдамида тўп йўлини тўсмоқчи бўлди. Натижада, "Пахтакор" футболчиси мувозанатни йўқотди. Майли, қўполлик бор деб ҳисоблайлик, аммо ҳолат қизил карточкага қай даражада тортади?
Агар ҳакам сўнгги нажот фоли деб баҳолаган бўлса, Азиз Турғунбоевни охирги ҳимоячи тўхтатгани йўқ. Ундан бир-икки қадам олдинда "Олимпик"нинг яна бир футболчиси бор эди. Боз устига, футболда елкама-елка кураш жараёни қоидага зид эмас.
Суратни яқинроқ кўрсангиз, мезбонлар аъзоси фақат елкаси ёрдамида контактга кирмоқда. Азиз Турғунбоев эса, мувозанатни йўқотди. Бу нормал ҳолат. "Шерлар" аъзоси, ҳар қандай вазиятда жамоаси фойдасига ишлашга уринади, аммо ўртадаги балансни ушлаб туриши керак бўлган бош ҳакамчи?
Бу эпизод шу қадар катта муҳокамага сабаб бўлдики, баҳсдаги бошқа бир воқеа кўпчиликнинг эътиборини тортмади. 21-рақамдаги Иброҳимов "Пахтакор" жарима майдончаси ичида Ларин томонидан тўхтатилди.
Такрорий лавҳани томоша қилгач, бу ерда пенальти бордек кўринди. Ҳар ҳолда, менга шундай туюлди, яна билмадим. Боя қизил карточкали вазиятга баҳо беришда ВАРга мурожаат этишга эринмаган ҳакам бу сафар ўзини ортиқча уринтиргани йўқ. У шунчаки, ўйинни давом эттириш кераклигини кўрсатди. Ушбу лавҳани томоша қилинг ва тафаккур қилинг! Ларин тўп учун курашда енгилди, рақиби зарба нуқтасида эди, контакт яққол кўринди, аммо рефери бу эпизодда 11 метрлик нуқтани кўрсатмади.
Ўйлашимча, бош ҳакам ўйинни бузиб қўйишдан қўрқди. Афсуски, асл муаммо ҳам шунда. Маҳаллий рефериларимиз ўйин қоидаларига риоя қилишдан кўра, баҳсдан сўнг ўзларини камроқ муҳокама қилишларини афзал кўрадигандек таассурот қолдирмоқда. Билмадим-ку, аммо агар биринчи бўлимда Икром Алибоев четлатилмаганида, бош ҳакам иккинчи таймдаги баҳсли вазиятда қизил карточка кўрсатмаган бўларди. Агар ўйин 1:0 ҳисобида бораётган бўлганида, Иброҳимовга нисбатан ишлатилган қўполлик учун пенальтини ўйлаб ўтирмай қўйган бўлармиди. Икки томонни ҳам хафа қилмаслик учун рефери сунъий баланс ҳосил қилишга урингандек туюлди.
Тўғри, якунда у бу ишни уддалади. Икки томон ҳам хурсанд бўлди. Кападзе "Пахтакор"дан очко олганига хурсанд бўлса, Славче аутсайдерга мағлубиятга учрамаганидан мамнун! Бугун ўйинни бошқарган ҳакамнинг қарорлари аллақачон чиройли тарзда оқланди. Сабаби оддий. Футболда 50/50 вазиятларда икки томон ҳам ҳақ бўлиб чиқаверади, аммо бир нарсани унутмаслик лозим: рефериларимиз футболчи ва мураббийларни хафа қилмасликка чирангани сари, уларни қўрқоқ, кучсиз, дангаса қилиб қўяди. Натижада, халқаро майдондаги аксарият баҳсларда футболимиз вакилларидаги босим ва ҳадик ошиб бораверади. У ерда уларни кўнглига қарайдиган "меҳрибон" реферилар йўқ. У ерда чинакам жанг кетади. Жангда эса, машғулотда (ички биринчилигида) оғирликларга кўникиб қолганлар ютади.
Яҳёхўжа Улуғхўжаев
“Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Трамп Путинга қўнғироқ қилиб, Украинадаги урушни муҳокама қилди
Фронтдаги вазият: Россия ҳарбийлари Курск областида қарши ҳужумга тайёрланмоқда
Россия Курск вилоятидаги ҳудудларини қайтариб олишга 50 минг ҳарбий тўплади
АҚШ Исроилга пули тўланган бульдозерларни бермади
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Украина ҚК бош қўмондони: “Фронтдаги вазият мураккаб ва кескинлашиши мумкин”
Иммунитетни кўтариш учун 6 та энг яхши витамин