22:09 / 08.04.2022
3 023

Шомуродов ўйнаган ўйиндан кейин катта жанжал бўлди

Шомуродов ўйнаган ўйиндан кейин катта жанжал бўлди
Конференциялар лигаси чорак финали дастлабки учрашувида ғалаба қозонган “Будё-Глимт” бош мураббийи Хьетиль Кнутсен “Рома” дарвозабонлари мураббийи Нуну Сантосга ташлангани маълум бўлди. “Рома” сардори Лоренцо Пеллегрини бўлган воқеани қуйидагича айтиб берди.

- Ёқимсиз ҳолат юз берди. Уларнинг бош мураббийи бизнинг дарвозабонлар мураббийимизга ҳужум қилди. Аввалига у бир нималар деди, кейин унга жисмонан ташланди. Бу ҳолат “Рома” ўйинчилари ва ходимларига нисбатан ҳақоратдир.

Тўғрисини айтсам, ҳозир кўрганларимдан ҳайратдаман ва бу шармандаликдан бошқа нарса эмас. Энди майдон ташқарисидаги бу воқеаларни кўриб, “Будё-Глимт”ни мусобақадан чиқариб юбориш иштиёқи кучайиб кетди
, - деди Лоренцо Пеллегрини.

Маълумотларга қараганда, Норвегия полицияси юз берган воқеа бўйича суриштирувларни бошлаб юборган. Улар мезбон жамоа бош мураббийи, “Рома” дарвозабонлари мураббийи ва воқеага гувоҳ бўлган ўйинчиларни суҳбатга чақиргани айтилмоқда.

“Будё-Глимт” бош мураббийи Кнутсен ўйин олдидан ҳам Жозе Моуриньони танқид қилган эди. Ўйиндан кейинги воқеа бўйича ўзини қуйидагича оқлади.

- Ҳалол ўйин кам бўлди. Улар бу ерга бошқа мақсадларда келган. Мураббий (Нуну Сантос) ўзини жиннидек тутди. У мени учрашув олдидан ҳам, бутун ўйин давомида ҳам ҳақорат қилди. Бу менинг ўз ишимни бажаришимга халақит қилди. Мен бунақасини аввал ҳеч кўрмагандим, - деди Хьетиль Кнутсен.

Моуриньо хавотирда

“Будё-Глимт”га қарши учрашувнинг иккинчи бўлимида римликларнинг асосий ҳимоячиларидан Жанлука Манчини жароҳат олиб, майдонни тарк этди. Мураббийлар штаби унинг ўрнига Крис Смоллингни туширишга мажбур бўлди.

Маълум бўлишича, Манчинининг тиззаси лат еган ва Италияга қайтганидан кейин чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади. Шундан сўнг, жароҳат даражаси ва даволаниш муддати аниқ бўлади.

Моуриньо бу ҳолатни сунъий қопламали майдон билан боғлади.

- Мени Манчининг жароҳати безовта қиляпти. Бу жароҳат синтетик қоплама таъсирида келиб чиқди, - деди "Рома" бош мураббийи Жозе Моуриньо.

Таъкидлаш жоизки, “Рома” ўйинчиларининг аксарияти майдоннинг сифатига эътироф билдириб, халқаро миқёсдаги мусобақаларда сунъий қопламадан фойдаланмаслик фикрини илгари сурмоқда. Норвегия қорли мамлакат бўлгани учун табиий чимли майдонни тайёрлаш мураккаб вазифа ҳисобланади.

Диққатни жамлай олмадик!

“Рома” ҳимоячиси Мараш Кумбулла “Будё-Глимт”дан 1:2 ҳисобида учралган мағлубият сабабларини очиқлади.

- Биз диққатимизни етарли даражада жамлай олмадик. Чунки якшанба куни А Сериядаги ўйинни ва норвегияликларга қарши жавоб учрашувини ўйлай бошлагандик.

Ҳали ўйинимизни ривожлантиришим керак бўлган жабҳалар бор. Бугунги учрашувда ҳам хатолар бўлди. Лекин ҳозир буларни гапиришдан фойда йўқ. Биз яқин кунларда ўйинни таҳлил қилиб чиқамиз ва қаерда қандай хатога йўл қўйганимизни билиб оламиз
, - деди Мараш Кумбулла.

Конференциялар лигаси чорак финалининг жавоб учрауви 14 апрель куни Римдаги “Олимпико” стадионида бўлиб ўтади. Айтиш керакки, Жозе Моуриньо шогирдлари жорий мавсумда “Будё-Глимт”га уч маротаба тўқнаш келиб, бирортасида ғалаба қозона олмади. Норвегияликлар ўз майдонида 6:1, 2:1 ҳисобида зафар қучган бўлса, Римдаги тўқнашувда жанговар 2:2 ҳисоби қайд этилган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Шомуродов ўйнаган ўйиндан кейин катта жанжал бўлди