964
"Пахтакор" Черансиз ҳам ўйнай олиши мумкин. "Насаф" барчасини тўғри қиляпти, фақат..." - Мутахассис фикри
ОЧЛ 2-турида Ўзбекистон номидан иштирок этаётган икки клубимиз ҳам мағлубиятга учради.
Дастлаб Эрнан Креспо бошчилигидаги "Ал Дуҳаил"га қарши майдонга чиққан "Пахтакор" умумий ўйин суратини олганда ёмон ҳаракат қилгани йўқ. Дейлик, футболчилар шу куни рақибдан қўрқмай ҳужум қилишди, ҳаттоки икки бор ҳисобда олдинга ҳам чиқиб олишди. Бироқ доимгидек ҳимоядаги муаммолар бу сафар ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмади, дея оламиз. Ўйинлар ва вазиятлар таҳлилига ўтишдан аввал мутахассис фикрига қулоқ тутамиз. Бунда бизга собиқ футболчи, "Пахтакор" сафида бир неча бор ОЧЛда тўп тепган Асрор Алиқулов ёрдам беради. Мураббий фикри давомида "Насаф"нинг кечаги ўйинига ҳам бевосита тўхталди.
- Бугун оқшомда ўтказилган ўйинга келсак, "Насаф" учта ўйинда ҳам ёмон таассурот қолдиргани йўқ. Биргина вазиятда диққатнинг йўқолиши голга олиб келди. Жамоа ўйинни назорат қилди. Вазиятлар яратди. Буни статистика ҳам айтиб турибди. Қаранг, рақиб дарвозага битта аниқ зарба берган ва ўша гол билан тугаган. Ҳужумларни якунлашда омадми ёки маҳоратми етишмаяпти. Умуман олганда ҳеч қайси баҳсда рақиблардан ўйин томонлама қолишмаяпти. "Насаф"нинг ўйинини биласиз, керакли жойда темпни оширади ёки туширади. Лекин олдинги чизиқ вакилларига ўша темп етишмади. Ҳужумчиларда гўё агрессивлик камлик қилаётгандек кўринмоқда. Норчаевда тажриба етарли эмас. ОЧЛ бошқа даражадаги мусобақа. Легионер ҳужумчи эса ўзига ўхшаётгани йўқ.
Дарҳақиқат легионерлар ҳақида гап борар экан, рақиб жамоа сафида ўйинни уларнинг бир ўзи ҳал қилиб кетаётганини кўряпмиз. Эдмилсон 3та гол билан "Ал Дуҳаил"га ғалабани олиб берган бўлса, Жулио Таварес "Насаф" ҳимоясидаги биргина хатодан гол уриб кетди. Афсуски, ҳозирда икки клубимиз ҳам легионер борасида мақтана оладиган даражада ҳисобланмайди.
- "Пахтакор"да легионерлар шу мақомга мос ўйин кўрсатмоқда, дейиш қийин. Бу номни оқлашмаяпти, десам муболаға бўлмайди. Юқорида айтганингиздек, бошқа жамоаларда хорижлик футболчилар ғалабани таъминламоқда. "Шерлар" сафида Драган Черан жароҳат олиб майдонни тарк этди. Менимча жамоа ушбу футболчисиз ҳам ўйнай олиши мумкин. Икром Алибоев ҳужумларни бошлашда, жамоадошларини вазиятга чиқаришда жуда фаол. "Пахтакор" битта футболчининг қурбонига айланди.
Эпизодни кўрсак, Эдмилсон қаршисидаги битта ҳимоячини бемалол алдаб кетяпти. Унга муаммо туғдираётгани йўқ. Бунга бошқачароқ ёндашиш керак. Агарда яна бир футболчи ёрдамга келганида ўнг оёғида тепишга йўл қўймасди. Деярли барча голлар бир хил урилди. Ўйинда марказий ҳимоячиларнинг ўрни катта. Аъзамовнинг қайтгани ишонч берди. Лекин Ларин ҳақида ундай фикрда эмасман. У ишончсироқ ўйнамоқда.
"Пахтакор" олдинги чизиқда кўп имконият яратди. Хожимат Эркинов, Сардор Рашидов қулай вазиятлардан фойдалана олишмади. Одатда мураббийлар томонидан индивидуал ва юқори савияли ҳужумчиларга қарши ҳимоячиларга яхшилаб кўрсатма берилади. Битта футболчи уни кутиб оляптими, иккинчиси "страховка" қилиши керак. Кучли томонидан фойдаланишга йўл қўймаслиги лозим. Эдмилсон битта ҳаракат билан алдаб, иккинчи ҳаракатда дарвозага гол уряпти. Яна бир футболчи яқинроқ ўйнаганида олдини олиш мумкин эди.
Олдинда ҳал қилувчи 3та ўйин қолди. Жамоаларимиз гуруҳларидаги барча билан ўйнаб керакли хулосаларни чиқаришди, деган умиддамиз. Ўтган ўйинлардаги хатолардан сўнг нимани ўзгартириш талаб қилинади? Қисқа вақтда қайси муаммоларни бартараф қилиш керак? Мутахассисимизнинг жавоби шундай бўлди.
- Жавоб учрашувларида "Пахтакор" ва "Насаф" яна шу жамоалар билан тўқнаш келади. Ўша футболчилар, легионерлар. Балки Славче Войнески тактик ўзгаришга қўл уриши керакдир. Таянч ярим ҳимоячилари мудофаа чизиғи вакилларига яқин ўйнаши зарур. Акс қолда яна Эдмилсонга имконият яратиб беришади. "Насаф" бу ўйини билан мағлуб бўлмаслиги керак. Чунки жамоа барчасини тўғри қиляпти. Фақат ҳужумчилардан фаолликни ошириш қолди, холос. “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Хитой 15 та сунъий йўлдошга эга тижорий ракетани учирди