Элдор Шомуродовнинг А Сериядаги иккинчи мавсуми ўзи истаганича бўлмади. Ўтган ёзда Жозе Моуриньонинг таклифига кўра, катта умидлар билан пойтахт клубига кўчиб ўтган легионеримиз ўйин амалиётисиз қолиб кетмоқда.
Италия матбуоти мавсум охирига яқинлашган сайин Шомуродовнинг “Рома”дан кетиши ҳақида ёза бошлади. Хусусан, footballnews24.it сайти мухбири Филиппо Касторо ўзбек ҳужумчиси португалиялик мутахассис қўллаётган техник схемаларга мос тушмаётганини ва клуб мутасаддилари уни сотиб юбориш ҳақида бош қотираётганини ёзди.
- Шомуродовга қизиқишлар бор. “Женоа”нинг собиқ ҳужумчисига Бундеслигадан “Лейпциг” ва “Хоффенхайм” қизиқмоқда. Бироқ, улар ўзбек легионерини қўлга киритиш учун римликларга камида 15 миллион евро тўлаши керак бўлади, деб ёзди Филиппо Касторо.
Футбол трансферларига ихтисослашган transfermarkt порталида қайд этишича, “Рома” ўтган йили ёзда “Женоа”дан Шомуродовни трансфер қилиш учун 18 миллион евро харажат қилган. Ҳужумчимизнинг маҳоратини юқори баҳолаган римликлар унга 2026 йилнинг ярмигача давом этадиган шартнома имзолатган эди.
Шомуродов захирага ўтириб қолгани ва ҳужумчи сифатидаги статистикаси самарадор эмаслигини инобатга олиб, “Рома” ўз ҳужумчисини харид қилган нархдан пастроғига қўйиб юборишга мажбур. Бу трансфердан римликлар кўрадиган фойда бир неча миллион еврони бўшатиш ва бошқа трансферларга йўналтириш бўлади холос. Улар Шомуродовни сотиб юборган тақдирда ҳам унга сарфлаган харажатини чиқара олмайди, зарарига сотишига тўғри келади.
“Рома” Португалиядан ҳужумчи кутяпти
Ёзда “Рома” ҳужум чизиғида катта эҳтимол билан сезиларли ўзгаришлар бўлади. Айни пайтда спорт директори Тьягу Пинто “Бенфика”нинг ёш ҳужумчиси Гонсало Рамушнинг трансфери бўйича иш бошлади.
21 ёшли ҳужумчи “Бенфика” тарбияланувчиси ҳисобланади. Истеъдодли футболчи бу мавсумдан эътиборан лиссабонликларнинг асосий таркибидан муқим ўрин олди. Португалия чемпионатида 26 та учрашувда рақиблар дарвозасини етти бор ишғол қилди ва иккита голли пас узатди.
Чемпионлар лигаси чорак финалида “Ливерпуль” дарвозасига тўп киритганидан кейин кўплаб скаутлар унга эътибор қарата бошлади.
Гонсало Рамушнинг “Бенфика” билан амалдаги шартномаси 2026 йилнинг 30 июнигача давом этади. Шу боис, “Рома” раҳбарияти Моуриньо истаётган ушбу ўйинчини Римга олиб келиш учун камида 15 миллион евро сарфлашига тўғри келади.
Моуриньо “Челси”дан яна ўйинчи олмоқчи
“Челси”дан олиб келинган Тэмми Абрахам трансферини ўзини оқлаганидан кейин “Рома” раҳбарияти келаси ёзда “аристократлар”нинг яна бир футболчисини Римга кўчириб келмоқчи.
Daily Mail нашрининг ёзишича, Жозе Моуриньо ҳар доим ҳам “Челси”нинг асосий таркибига кира олмаётган Рубен Лофтус-Чикка харидор бўлмоқда. Португалиялик мутахассис англиялик ярим ҳимоячи майдон марказини кучайтиришига ишонмоқда.
Римликлар 26 ёшли ўйинчини олиш учун Англия клублари билан рақобатлашишига тўғри келади. Чунки Рубенга ҳозирнинг ўзида “Вест Хэм”, “Эвертон” ва “Кристал Пэлас”дан жиддий чорловлар бўляпти.
Рубен Лофтус-Чик “Челси” тарбияланувчиси ҳисобланади. Орада икки марта ижарага жўнатилиб, “Кристал Пэлас” ва “Фулхэм”да ҳам тўп тепган.
“Аристократлар” бош мураббийи Томас Тухель ёзда уни биринчи жамоада олиб қолган эди. Бироқ, Рубеннинг мавсум давомидаги ўйини сифат жиҳатидан германиялик мураббийни қониқтиргани йўқ.
Лофтус-Чик бу мавсум барча турнирларда 32 маротаба майдонга тушиб, атиги битта гол урди ва тўртта голли пас узатди.
Амалдаги шартномаси яна икки мавсум давом этадиган футболчининг трансфер суммаси 20 миллион еврога баҳоланмоқда. “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Трамп қайси хорижий мамлакатлар етакчилари билан телефонлашгани маълум бўлди