08:00 / 21.04.2022
1 478

Осиё "Аякси" - "Насаф" учун чинакам синов энди бошланади!

Осиё "Аякси" - "Насаф" учун чинакам синов энди бошланади!
Осиё "Аякс"и сифатида қитъамиз футбол ишқибозларида яхши таассурот қолдираётган "аждарлар" 4-тур ўйинидан сўнг квартетда иккинчи поғонани забт этиб турибди. Хўш, кейинги босқичга чиқиш учун минимум неча очко керак? Воқеалар ривожи қандай кўриниш олади? Шу ва бошқа актуал саволларга жавоб излашга уринамиз.

Квартетда иккинчи бўлиб ҳам гуруҳда қолиб кетиш мумкинми?

Афсуски шундай. АФК ғарб ва шарқ жамоаларини иккига ажратган холда, мусобақани марказлашган форматда ўтказмоқда. Эндиликда, 5 та гуруҳдаги биринчи ўринни эгаллаганлар билан бираликда фақат 3 та энг яхши иккинчи ўрин соҳиблари плей-офф йўлланмасига эга бўлади. Хўш, ушбу статистикага суянадиган бўлсак, "Насаф" ҳозир энг яхши 3 жамоадан бирими?

1. "Ал-Райян" - 7 очко
2. "Ал-Тааъвун" - 7 очко
3. "Ал-Аҳли" - 6 очко
4. "Насаф" - 5 очко
5. "Ал-Қува" - 4 очко.

Агар очколарга қаралса, "Насаф" кейинги босқичга чиқиш учун гуруҳда биринчи ўринни эгаллашга уриниб кўриши шарт. Рўзиқул Бердиев шогирдларини олдинда жуда осон бўлмаган ўйинлар кутмоқда. Гап шундаки, "аждарлар" икки бор дуранг қайд этгани боис керагидан ортиқча очко йўқотиб бўлди. Энди, уларни ўрнини олдиндаги икки турда тўлдириши шарт. Хўш, кейинги босқичга чиқиш масаласини ҳал қилувчи ўйинларда "Насаф"ни қандай натижа қаноатлантиради?

Навбатдаги икки турдаги жуфтликлар

23 апрель:
"Насаф" - "Ал-Садд"
"Ал-Файсали" - "Ал-Веҳдат".

27 апрель:
"Насаф" - "Ал-Веҳдат"
"Ал-Файсали" - "Ал-Садд".

Қолган икки ўйинда Рўзиқул Бердиев шогирдлари чинакамига синовдан ўтади. Гап шундаки, барча иккинчи ўринни эгалалган клублар плей-офф йўлланмасига эга бўлмаслиги сабабли максимум очко жамғариши шарт. Акс холда, ҳатто иккита дуранг ҳам (бунинг учун "Ал-Файсали" ўз ўйинларида ғалаба қозониши керак!) иккинчи ўринни нақд қилиш учун етарли эди. ОФК турнирдаги жамоалар сонини ошириш мақсадида қилган реформаси "аждарлар"га панд бериб қўймаслиги учун қолган 2 баҳсда имкон қадар кўпроқ очко тўплаши шарт. Акс холда, 2-ўринни эгаллаб ҳам плей-офф билан хайрлашиш эҳтимоли юқори.

Ҳал қилувчи "тўқнашув"

"Ал-Садд" Иордания клубига имкониятни бой берганига қарамай, уни ҳисобдан чиқаришга ҳали эрта. Қатарликлар энди бор эътиборини "Насаф"га қарши баҳсга қаратиши аниқ. Хавидан сўнг, ўзини анча олдириб қўйган "Ал-Садд" ва "аждарлар" ўртасидаги ўйин кўп нарсани ҳал этиб берса, ажаб эмас. Гап шундаки, "Насаф"ни ўзига яқин турганини сезган "Ал-Файсали" биринчи ўринни бой бермаслик учун ҳам "Ал-Веҳдат"га қарши баҳсда катта куч билан ҳаракат қилади. Биринчи давранинг сўнгги ўйинида "Ал-Садд"га йирик ҳисобда мағлубиятга учрагач, "ўйиндан" чиққани тахмин қилинган "Ал-Веҳдат" яна курашга қўшилди. Ўз навбатида, иорданияликлар ҳам "Ал-Файсали" билан "тўқнашув"да бор кучини майдонга ташлайди. Умуман олганда, 5-турдаги баҳс гуруҳдан ким кейинги босқичга йўл олишини аниқлаштириб бериши мумкин.

"Ал Садд" билан ўйинда ким фаворит?

Барчаси ўйинга жамоаларнинг қандай ёндашиши билан боғлиқ. Рўзиқул Бердиев "Ал-Садд" баҳсга қандай ўйин схемасини танлаши кўп нарсани ҳал этиб беради. "Аждарлар" устози олдида икки йўл бор. "Ал-Садд" билан очиқ футболга киришиш ёки марказни топширган ҳолда қанотларга суяниб, иккинчи рақамда ҳаракат қилиш. Иккинчи вариантга суянган "Насаф" биринчи даврада сал қолса қатарликларни мағлуб этиши мумкин эди.

Афсуски, вазиятлардан фойдалана олмагани боис "аждарлар" энди анча мураккаб аҳволда қолмоқда. Шу ўринда, яна бир фактни алоҳида эътироф этиш лозим. "Ал-Садд" бу Арвеладзенинг "Пахтакор"и билан Тошкентда 2:2 ўйнаган жамоа эмас. Ҳар жабҳада пасайиш бор эканлиги кўзга ташланиб турибди. Уларни "Ал-Веҳдат" очиқ ўйинда таслим этган бўлса, "Ал-Файсали" эконом футбол билам мағлубиятга учратди. Гуруҳ ўйинлари аввалида квартет фаворити сифатида деярли барча "Ал-Садд"ни кўрсатган эди.

Жуда катта ишонч кредитлари билан омадсизликка учраган Хави Грасия шогирдлари ҳозир руҳан анча эззилган. "Насаф"дан фарқли ўлароқ, қатарликлардан кўпроқ нарса кутилаётгани факт. Бу босим якунда "аждарлар"ни майдонда эркинроқ тўп суришига олиб келиши мумкин. Қолгани майдондаги футболчиларга боғлиқ. Мураббий кўрсатмаси тўлиқ бажарилса бу "Ал-Садд"ни енгиш мумкин. Агар бу рақибдан 3 очко олсак, кейинги босқичга бир қадам ташлаган бўламиз. Дуранг ёки бошқа натижа "Насаф" мухлисларини 6-тур ўйинларини ҳеч қандай интригасиз томоша қилишга мажбур қилади.

Яҳёхўжа Улуғхўжаев

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Осиё "Аякси" - "Насаф" учун чинакам синов энди бошланади!