Бугунги кунда Ўзбекистоннинг биринчи рақамли футболчиси бўлиб турган Элдор Шомуродов биз учун аллақачон алоҳида мавзуга айланган. Европанинг топ-5 чемпионатида ўйнашни орзу қилган йигитимиз ўз ниятига эришгач, унга бўлган эътибор ҳам, муносабат ҳам аллақачон ўзгарган. Энди у бошқа савияда! Бундай даражадаги ўйинчиларга эса ҳамма вақт талаб ҳам катта бўлади.
Шомуродовнинг “Рома”даги тақдири ҳам борган сари муҳим масалалардан бирига айланяпти. Кўпинча захирада қолаётгани сабабли гап-сўзлар ортиб боряпти. “Рома”нинг “Интер”га қарши ўйинини кўрдингиз-а? Моуриньо Шомуродовни захирадан майдонга туширди. Ҳа, унинг жамоаси ютқазди, бироқ биз учун аҳамиятлиси ҳамюртимизнинг ўйини эди. Элдор ўйинга яхши киришиб кетди, Мхитаряннинг голига пас берди ва ўйин мобайнида фаол ҳаракати билан ажралиб турди. Натижада кўплаб нуфузли нашрлар ўзбек футболчисининг ўйинини юқори баҳоладилар. Энди Шомуродов ва “Рома” Конференциялар лигаси ярим финалида Англиянинг “Лестер” клубига қарши ўйинга тайёрланяпти. Бу баҳс уч кундан кейин ўтказилади.
Бугунги мақола орқали Шомуродовга доир энг сўнгги муҳим янгиликларни етказамиз. Ёдингизда бўлса, Элдор 2020 йилнинг декабрь ойида ота бўлган. Ҳозирда унинг ўғли бир ярим ёшда. Шомуродовлар оиласи яна бир қувончли лаҳзага тайёрланишмоқда. Яъни, Элдор иккинчи фарзандини кутяпти. Маълумотларга қараганда, бир неча ойдан сўнг футболчимиз яна бир бор оталик бахтига муяссар бўлади. Шу сабабли тез орада Элдорнинг ота-онаси Римга жўнаб кетиши кутиляпти.
Моуриньо билан муносабати қандай? Биз учун яна бир муҳим жиҳатларидан бири бу шубҳасиз Элдорнинг “Рома” бош мураббийи билан муносабатининг қандайлиги билан боғлиқ. Ёдингизда бўлса, “Шома” Ўзбекистон терма жамоасидаги ўйинлари учун Тошкентга келганди. Ўшанда маҳаллий ОАВга берган интервьюсида Моуриньо билан муносабати ҳозир бошидагидек эмаслигини тан олганди. Аниқроғи, олдингидек у билан кўп мулоқот қилмаётганини айтганди. Натижада унинг “Рома”да захирада қолаётганининг сабабини кўпчилик ўзича топгандек бўлди. Лекин Шомуродов ва Моуриньо ўртасидаги муносабат сиз ва биз ўйлагандек у қадар ёмон эмас.
Гап шундаки, март ойида Наманганда ўтказилган “Navruz CUP-2022” халқаро мусобақасида Шомуродов тўпурарлик салоҳиятини кўрсатди. Қирғизистонга битта, Угандага учта гол урганидан биз ҳам қувонгандик. Чунки анчадан бери “Рома” сафида гол ура олмаётгани учун унинг терма жамоа сафида голлар ургани ўзига бўлган ишончни янада ошишига хизмат қилади. Эътиборлиси, Элдор терма жамоадан тўғри Римга қайтганидан кейин Жозе Моуриньонинг шахсан ўзи Шомуродов билан Ўзбекистон терма жамоасидаги ўйини ва голлари юзасидан гаплашган.
Айниқса, футболчимизнинг хет-трикка эришгани туфайли Жозе “Хет-трик қилибсан, демак, Ўзбекистонда ҳам яхши ҳужумчилар бор экан”, қабилида ҳазиллашган. Умуман олганда, Моуриньо клубидаги ҳар қандай ўйинчининг терма жамоа ихтиёридан қайтганидан кейин албатта улар билан суҳбатлашади. Чунки у ўз футболчиларининг терма таркибида қандай ўйнагани ва қайд этган натижаларини кузатиб боради. Шунинг учун португалиялик мутахассис ҳамюртимизнинг Ўзбекистон миллий терма жамоасида киритган голларидан хурсанд бўлган.
Энди яна бир муҳим масалага тўхталмақчимиз. Гап футболчимизга қизиқиш билдираётган клублар ҳақида. Аслида расмий таклиф билан оддий қизиқиш ўртасида катта фарқ бор. Унга шу қадар қизиқишлар кўпки, астиқўяверасиз. Аммо расмий таклиф бу бошқа масала. Футболчига яқин манбанинг айтишига қараганда, легионеримизга Италиянинг ўзида ҳам харидорлар талайгина.
Мисол учун “Фиорентина”, “Сассуоло”, “Торино” сингари А Серия клублари янги мавсумда ўз сафларига қўшиб олишга тайёр туришибди. Туркиянинг “Бешиктош” жамоасидан ҳам Шомуродов бўйича таклиф борлиги маълум бўлди. Ундан аввал “Севилья”, “Лейпциг”, “Хоффенхайм” каби клублар ҳам ўзбек ўйинчисига кўз тикаётгани ҳақида хабарлар чиққанди. Тез орада Элдорнинг агентлари Римга етиб боришади ва мижозининг келажаги юзасидан “Рома” раҳбарияти билан яна бир бор гаплашиб кўради.
Бу ерда ҳамма гап Моуриньода. Агар келаси йил учун режаларидан Элдорга ҳам жой топиладиган бўлса, ортиқча ташвишга ҳожат йўқ. Бизга етиб келган хабарга кўра, “Рома” келаси йили Абрахам билан Заньолони жуда яхши нархга сотиб юбориши ҳам ҳеч гап эмас. Шунда яна бир ҳужумчи харид қилиниб, Шомуродов билан янги тандем ҳосил қилиниш варианти ҳам мураббий томонидан кўриб чиқиляпти.
Жорий мавсум охиригача Элдор Шомуродов учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Айни пайтда футболчимиз янада қўллаб-қувватлашга мухтож. У “Рома”да ўз сўзини айтиши керак. Аммо бунга улгурадими-йўқми? Шартномаси 2024 йилгача тузилган ва табиийки, клуб ҳам Шомуродов билан боғлиқ вазиятни обдон кузатмоқда. Кейинги ўйинларда ҳамюртимизга омад тилаймиз, зеро, омад унинг учун жуда муҳим. “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
БАА ўзбекистонлик ҳайдовчиларни иш билан таъминлашни режалаштирмоқда