
АҚШдаги Nucleus стартапи сўнгги кунларда бутун жамият эътиборини ўзига қаратди. Компания “Embryo” деб номланган янги хизматни ишга туширди. Ушбу платформа ЭКО жараёни орқали фарзанд кўришни режалаштираётган ота-оналарга генетик жиҳатдан энг мувофиқ эмбрионни танлаш имконини беради.
Бундай танлов фақат саломатлик билан боғлиқ эмас. Хизмат боланинг келажакдаги ташқи кўриниши, бўйи, кўз ва соч ранги, ҳатто интеллектуал қобилияти ва шахсий хислатларга мойиллик каби 1000 дан ортиқ параметрни ҳисобга олади. Шу орқали ота-оналар келажак авлоднинг ирсий касалликлар, руҳий ҳолатлар, диабет ёки онкологияга мойиллигини камайтиришга ҳаракат қилишади.
Эътиборли томони, мазкур технология ҳеч қандай генларни таҳрирламайди. Яъни, ДНКда ўзгартиш киритиш эмас, балки мавжуд эмбрионлар орасида аналитик танловни амалга оширади. Платформа турли эмбрионларни таққослаб, эҳтимолан энг яхши натижа берадиган вариантларни тавсия этади.
“Embryo” хизматининг нархи 6 минг доллар этиб белгиланган. Компания мутасаддилари шуни алоҳида таъкидлашмоқдаки, натижага тўлиқ кафолат берилмайди — технология фақатгина эҳтимолни оширади, холос. Оддий бир ЭКО циклда одатда уч ёки олти эмбрион кўчириш учун мос келади, ва танлов шу гуруҳда амалга оширилади.
Шубҳасиз, бундай хизмат кенг жамоатчиликда тортишувларга сабаб бўлди. Айрим мутахассислар бундай ёндашувнинг ахлоқий оқибатлари бўлиши мумкинлигини қайд этса, бошқалар эса келажак авлод саломатлиги учун онгли танловни қўллаб-қувватламоқда.
Nucleus вакиллари таъкидлашича, улар ген муҳандислиги билан шуғулланмайди ва барча жараён АҚШдаги амалдаги қонунчилик доирасида амалга оширилади. Бу эса, уларнинг фикрича, хизматни хавфсиз ва этик нуқтаи назардан мақбул деб ҳисоблаш имконини беради.
Сизчи, келажакда фарзандни “танлаш” ахлоқан қабул қилинадиган амалиётга айланиши мумкинми? «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар