Албания ҳукумати таркибида илк бор вазир даражасига тайинланган сунъий интеллект — бот Diella парламентда ўзининг дастлабки чиқиши билан иштирок этди. Янги тайинланган «вазир» экран орқали депутатлар олдига миллий албан либосидаги аёл қиёфасида намоён бўлди ва уч дақиқалик мурожаати давомида барчага конституциянинг асосий тамойилларини эслатди, деб ёзди AP.
Diella нутқида халққа хизмат қилишга мўлжалланган институтлар ҳақида гапириб, қонун ҳеч қачон инсоннинг хромосомаси, қони ёки жисмоний мавжудлиги ҳақида эмас, балки масъулият, ҳисобдорлик, шаффофлик ва барча фуқаролар учун тенг имкониятлар ҳақида сўз юритишини таъкидлади. У шунингдек, ўзининг бу қадриятларни «ҳар қандай инсон ҳамкасбидан кам эмас, балки айрим ҳолларда ундан ҳам кўпроқ даражада ифода эта олишини» қайд этди.
Шу билан бирга, сунъий интеллект вазири ўз вазифасини одамларнинг ишини эгаллаш деб эмас, балки уларга қўллаб-қувватловчи ва ёрдамчи механизм сифатида талқин қилишини билдирди.
Маълумот учун, дунёдаги биринчи сунъий интеллект вазири сифатида Diella ўтган ҳафта Албания бош вазири Эди Рама томонидан жамоатчиликка тақдим этилган эди. Унинг сўзларига кўра, албан тилида «қуёш» маъносини англатувчи Diella давлат харидлари соҳаси учун жавобгар бўлади. Режага кўра, давлат харидларининг бутун жараёни босқичма-босқич сунъий интеллект назоратига ўтказилади.
Албаниянинг бу қадами нафақат мамлакат тарихида, балки бутун дунёда давлат бошқарувига янги босқич сифатида кириб келиши билан эътибор қозонмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!