Max Payne 3 учун Тимоти Гиббс қиёфасини қайтарган мод чиқди

Max Payne мухлислари узоқ йиллардан бери учинчи ўйинда бош қаҳрамоннинг ташқи кўриниши кескин ўзгаргани ҳақида баҳслашиб келади. Жеймс Маккафри ролда зўр ишлаган бўлса-да, кўплаб ўйинчилар Max Payne 2: The Fall of Max Payne’даги “классик” Тимоти Гиббс қиёфасини соғинган. Энди эса бу соғинч Alexsavvy тахаллусли моддернинг катта лойиҳаси туфайли амалда рўёбга чиқди. Бу ҳақда playground.ru хабар беради.
Кўплаб замонавий модлар нейротармоқлар ёки дипфейк ечимларига таянаётган бир пайтда, Alexsavvy тайёрлаган Тимоти Гиббс Mod қўл меҳнати ва майда деталларгача ишланган ёндашув билан ажралиб туради.
Max Payne 3’нинг энг кучли жиҳатларидан бири жароҳат ва шикастланиш тизими эди. Мод ҳам шу “мерос”ни сақлаб қолади: юз учун 21 хил материалдан фойдаланилган, сюжет ривожи билан Макснинг дастлабки бобларда олган яралари битиб боради, янги кўкариш ва кесиклар эса сценарийга қатъий мос тарзда пайдо бўлади.
Шунингдек, модда 14 та турли соч турмаги варианти бор. Муаллиф Гиббснинг классик соч услубини шунчаки кўчирмаган, балки уни ўйин босқичларига мослаб қайта ишлаган: Нью-Жерсидаги паришон кўринишдан тортиб Бразилия харобаларидаги машҳур қирилган сочгача. Ҳатто соқол ва сочнинг финалга яқин табиий ўсиб бориши ҳам реалистик акс этган.
Alexsavvy актёр бошини нолдан моделлаштириб, уни Max Payne 3 двигига идеал мослаштирган. Шу сабабли “ғалати” сунъийлик ҳисси камайган ва алмашув Rockstar Games’нинг расмий янгиланишига ўхшаб кўринади.
Модни Max Payne 3 учун бепул юклаб олиш мумкин. Шунингдек, унинг қандай ишлашини кўрсатадиган видео ҳам тақдим этилган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!