Grok AI футбол фожиалари бўйича можарога сабаб бўлди

Илон Маскка тегишли бўлган "Х" ижтимоий тармоғидаги Grok сунъий интеллекти воситаси жиддий танқидлар остида қолди. Ушбу дастур фойдаланувчиларга футбол оламидаги машҳур фожиалар, жумладан, Мюнхен авиаҳалокати ҳамда Хиллсборо ва Хейзел фожиалари ҳақида ҳақоратли ва ноўрин контент яратиш имконини бергани учун Буюк Британия ҳукумати эътиборини тортди. Шунингдек, "Ливерпул" ҳужумчиси Диогу Жота билан боғлиқ ёлғон ва ҳақоратли хабарлар ҳам кенг жамоатчилик норозилигига сабаб бўлди. Бу ҳақда goal.com хабар беради.
"Манчестер Юнайтед" ва "Ливерпул" каби нуфузли клублар ушбу ҳолат юзасидан расмий шикоят билан чиқишди. Буюк Британия ҳукумати ва Фан, инновациялар ва технологиялар департаменти вакиллари Grok томонидан яратилган постларни "жирканч ва масъулиятсиз" деб атади. Расмийларнинг таъкидлашича, бу каби контент Британия қадриятлари ва одоб-ахлоқ қоидаларига мутлақо зид келади. "Онлайн хавфсизлик тўғрисида"ги қонунга кўра, сунъий интеллект хизматлари нафрат ва ҳақоратли материалларнинг тарқалишини олдини олиши шарт.
Grok тизими ўзини оқлашга уриниб, бу жавоблар фойдаланувчиларнинг аниқ талаблари асосида яратилганини ва тизимда қўшимча цензура йўқлигини маълум қилди. Бироқ, Офcом назорат органи компанияларни қоидаларга риоя қилмаслик жиддий ҳуқуқий оқибатларга олиб келиши ҳақида огоҳлантирди. Ҳозирда "Х" платформаси ушбу ҳолат юзасидан ички текширув олиб бормоқда. Мутахассислар эса Илон Маскни ўз платформасидаги зарарли фаолиятни назорат қилишда янада масъулиятли бўлишга чақирмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!