Тартиб посбонлари учун махсус: Ҳиндистонда совутиш тизимли дубулғалар чиқди

Ҳиндистон пойтахтида йўл полицияси ходимлари ўрнатилган совутиш тизимига эга ғайриоддий дубулғалардан фойдаланишни бошлади. Ушбу қурилма кўчаларда узоқ вақт навбатчилик қилаётган ходимларнинг қизиб кетишининг олдини олиш учун мўлжалланган. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Янги гаджет кичик вентиляторлар ва ҳаво ўтказгичлар тизими билан жиҳозланган бўлиб, улар дубулға ичига доимий ҳаво оқимини етказиб беради. Қурилма қайта қувватланувчи аккумулятордан ишлайди ва фаол ҳаво айланиши орқали полициячиларга ҳатто энг иссиқ кунларда ҳам иш қобилиятини сақлаб қолишга ёрдам беради.
Бундай чоралар мамлакатнинг катта қисмини қамраб олган аномал иссиқлик тўлқини фонида айниқса долзарб бўлиб қолди. Ҳозирда бир қатор ҳудудларда ҳаддан ташқари юқори ҳарорат туфайли хавфнинг “қизил” даражаси эълон қилинган.
Метеорология хизматларининг маълумотларига кўра, айрим туманларда ҳарорат меъёрдан 3–5 даражага юқори бўлиб, баъзи жойларда бу кўрсаткич янада каттароқ тафовутни ташкил этмоқда. Ушбу технологик ечим полициячиларнинг оғир иқлим шароитида саломатлигини сақлашга хизмат қилади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!