Хитойлик физиклар лазерни қувватни оширмасдан 20 баравар кучайтиришди

Хитойлик физиклар ўта тезкор лазерларнинг таъсирини уларнинг қувватини оширмасдан туриб кўп марта кучайтириш усулини топишди. Шарқий Хитой педагогика университети (ЭКНУ) олими Жиан Ву бошчилигидаги гуруҳ тадқиқоти қимматбаҳо ускуналар ёки ўрганилаётган материалга зарар етказмаган ҳолда юқори самарадорликка эришиш имконини беради. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Тадқиқотчилар лазер импульсининг ўртача энергиясини ўзгартирмасдан, асосий нолинеер оптик эффектлардан бирини 20 баравардан кўпроққа кучайтиришга муваффақ бўлишди. Одатда бундай жараёнларни ишга тушириш учун жуда кучли лазерлар талаб қилинади, бироқ улар кўпинча оптика элементларини қиздириб юборади ёки намуналарни парчалаб ташлайди. Хитойлик олимлар нурланиш қувватини ошириш ўрнига, ёруғликнинг квант хусусиятларини ўзгартиришга қарор қилишди.
Бунинг учун "ёрқин сиқилган вакуум" деб номланувчи махсус квант ҳолатидан фойдаланилди. Бундай ёруғликда фотонлар зичлигининг кучли тебраниши кузатилади: ўртача энергия пастлигича қолса-да, импульс ичида ўта юқори интенсивликка эга қисқа чақнашлар ҳосил бўлади. Айнан шу чақнашлар ёруғликнинг модда билан ўзаро таъсирини сезиларли даражада кучайтиради.
Тажриба давомида атиги 300 наноджоулй энергияга эга лазер импульси оддий лазердан 20 баравар юқори интенсивлик талаб қилинадиган эффектни кўрсатди. Бу усул айниқса аттосекунд физикасида — сониянинг триллиондан бир улушида содир бўладиган жараёнларни ўрганишда инқилобий ўзгариш ясаши кутилмоқда. Эндиликда олимлар квант флуктуацияларига қарши курашиш ўрнига, улардан фойдали восита сифатида фойдаланишни бошламоқдалар.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!