Google смартфонлар ишлаб чиқаришни Хитойдан тўлиқ кўчиради

Google 2027-йилга бориб барча турдаги Pixel смартфонларини йиғиш қувватларини Хитойдан ташқарига тўлиқ кўчиришни режалаштирмоқда. Компания Хитойга қарамликни камайтириш учун Ветнам ва Ҳиндистондаги ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтирмоқда, жорий йилда эса юқори классдаги Pixel телефонларини Ветнамда ишлаб чиқиш ва серияли ишлаб чиқаришни йўлга қўйди.
Технология оламидаги йирик ўзгаришлар фонида Google корпорацияси ўзининг барча турдаги смартфонларини йиғиш жараёнини Хитойдан бошқа давлатларга тўлиқ кўчириш ниятида эканини билдирди. ixbt.com нашрининг хабар беришича, компания ўз етказиб берувчиларини 2027-йилга бориб ишлаб чиқариш қувватларини Хитой ҳудудидан ташқарига тўлақонли кўчириш режасидан огоҳлантирган. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Сўнгги йилларда Google Хитой ишлаб чиқариш занжирига бўлган қарамликни камайтириш мақсадида Ветнам ва Ҳиндистондаги ўз қувватларини жадал кенгайтириб келмоқда. Бироқ, шунга қарамай, ҳозирги кунда ҳам корпорация маҳсулотларининг салмоқли қисми айнан Хитойда йиғилмоқда.
Ветнамдаги муваффақиятлар ва янги қадамлар
Вазиятдан хабардор манбаларнинг маълум қилишича, жорий йилда Google юқори классга мансуб Pixel телефонларини илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ишлари ҳамда уларни серияли ишлаб чиқариш жараёнларини Ветнамда муваффақиятли якунлаган. Бу эса компания раҳбариятининг барча Pixel маҳсулот линияларини 2027-йилгача Хитойдан бутунлай олиб чиқиб кетиш борасидаги қарорини янада мустаҳкамлади.Таъкидлаш жоизки, Google ушбу қадамни ташлаган иккинчи йирик глобал брендга айланади. Бунгача Samsung компанияси ўз смартфонларини ишлаб чиқаришни Хитойдан тўлиқ кўчириб ўтган биринчи гигант бўлганди.
Бозор омиллари ва логистика афзалликлари
Компанияга яқин бўлган манбанинг таъкидлашича, Apple'дан фарқли ўлароқ, Google ўзининг Pixel телефонларини Хитой бозорида сотмайди. Шу сабабли, компанияга ушбу мамлакатда ишлаб чиқаришни сақлаб қолиш учун ҳеч қандай бозор босими таъсир кўрсатмайди.Шу билан бирга, Ветнамдаги жараёнлар етарлича силлиқ кечмоқда. Бунгача Samsung мазкур мамлакатда тўлақонли смартфон етказиб бериш экотизимини яратиб улгурган эди ва Google ҳозирда ана шу тайёр инфратузилмадан унумли фойдаланиш имкониятига эга.






























Изоҳлар 0
…