Интернет орқали ҳид юбориш мумкинми?

Интернет орқали ҳид юбориш мумкинми?

Олимлар ҳидларни рақамли маълумотга айлантириб, интернет орқали узатиш ва бошқа қурилма ёрдамида қайта ҳосил қилиш имконини берувчи Scentronic тизимини синовдан ўтказди.

АҚШнинг Огайо штати университети ва Хитойнинг Zhejiang Laboratory муассасаси тадқиқотчилари ишлаб чиққан технология электрон «бурун» ёрдамида ҳидларни аниқлайди. Сунъий интеллектга асосланган тизим олинган маълумотларни таҳлил қилиб, интернет орқали бошқа қурилмага юборади. Қабул қилувчи қурилма эса тегишли хушбўй моддаларни чиқариб, ҳидни қайта ҳосил қилади.

Ҳозирча Scentronic беш хил ҳидни — пиво, торт, қаҳва, апельсин ва қизил вино ҳидини аниқлашга ўргатилган. Демак, тизим исталган ҳидни аниқ ва тўлиқ такрорлай олмайди.

Тажрибаларда иштирокчилар қурилма ҳосил қилган ҳидларни якка ҳолда тақдим этилганда тахминан 73 фоиз, иккита ҳид аралашмаси берилганда эса 71 фоиз ҳолатда тўғри аниқлаган.

Мутахассислар келажакда бу технологияни виртуал ва қўшимча реаллик тизимларида, интернет-дўконларда маҳсулот ҳидини масофадан баҳолашда ҳамда тиббий текширувларда қўллаш мумкинлигини айтмоқда.

Шунга қарамай, Scentronic ҳозирча илмий тадқиқот босқичидаги прототип ҳисобланади. Уни кундалик ҳаётда кенг қўллаш учун кўпроқ ҳидларни аниқлаш, мураккаб ҳидлар аралашмасини фарқлаш ва уларни аниқроқ қайта ҳосил қилиш имкониятларини такомиллаштириш зарур.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар