09:20 / 13.06.2022
1 476

АҚШда синалган препарат синов остидаги беморларни саратондан тўлиқ халос қилди

АҚШда синалган препарат синов остидаги беморларни саратондан тўлиқ халос қилди
АҚШда тўғри ичак саратонини даволашда кўп нарсани ваъда қилаётган, илгарилаш дея саналаётган препаратнинг кичик синови ўтказилган. Тажрибада қатнашиб, даволанган ҳар бир беморда саратон ремиссия босқичига муваффақиятли ўтган ва ҳозирча саратон хавфи тўлиқ чекинган.

Достарлимаб деб аталаётган ва Jemperli савдо белгиси остида сотилаётган, эндотермий саратонини даволашда ишлатиладиган мазкур иммунотерапевтик препарат илк марта тўғри ичак саратони шишларига нисбатан самарали эканлиги клиник тадқиқотдан ўтказилган. Тадқиқот натижалари ҳақида The New England Journal of Medicine хабар берган.

Sciencealert’нинг ёзишича, шу вақтгача онда-сонда маълум қилиб турилган дастлабки натижалар у ниҳоятда самарали эканлигини кўрсатган ва тадқиқотчилар гуруҳи тажриба синови остидаги ҳар бир беморда саратоннинг муваффақиятли ремиссияси туфайли саратонни даволашдаги мазкур аралашув мисли кўрилмаган деб топилиши мумкин.

«Мен бу нарса саратон тарихида илк марта рўй берди деб ҳисоблайман», — деган The New York Times нашрига Слоан-Кеттиринг номидаги мемориал онкологик маркази (MSK) тиббий онкологи Луис Диас-жуниор. У тадқиқот натижалари ҳақида хабар берган мақоланинг катта муаллифи ҳамдир.

Қайд этиш жоизки, ижобий натижалар барчасида тўғри ичак саратонининг 5–10 фоизида кузатилувчи, номувофиқлик репарацияси танқислиги (MMRd) деб аталувчи, шишлар генетик мутацияларга учраган фақат 12 нафар беморда кузатилган (тадқиқотлар давом этмоқда).

Шундай шишларга эга беморлар кимёвий ва нур терапиясига кам сезгирли, шу сабабли шишларни жарроҳлик йўли билан йўқотишга эҳтиёж сезишади.

Нима бўлганда ҳам, MMRd мутациялари саратон ҳужайраларини иммун жавобга нисбатан ожиз қилиб ҳам қўяди, айниқса у иммунотерапевтик агент — мазкур ҳолатда, саратон ҳужайраларини самарали ўлдириши учун иммун ҳужайраларига чеклов ўрнатувчи назорат нуқтаси ингибитори билан қўллаб-қувватланса.

«Бу мутациялар шишда тўплана бошланса улар мутациялар билан зарарланган саратон ҳужайраларига ҳужум қилувчи иммун тизимини қўзғатади», — дейди Диас. — «Биз «даволашнинг биринчи линияси сифатида, келинглар, саратон метастаза бергунига қадар бу ишга қўл урайлик», деб ўйладик».

Одатда, тўғри ичагида бундай шишларга эга беморлар жарроҳлик йўли билан саратон олиб ташлангунига қадар кимёвий ва нур терапиядан умид қилса бўлади. Афсуски, кўплаб беморлар учун бу усуллар спектори бутун умр давом этиши ҳам мумкин бўлган узоқ муддатли ножўя оқибатларга эга.

«Саратонни жарроҳлик йўли, нур терапияси, кимёвий терапия билан стандарт даволаш шишнинг бир жойга тўпланиб қолиши туфайли жуда оғир кечиши мумкин, — дейди тадқиқотнинг биринчи муаллифи, MSK тиббий онкологи Андреа Черчек. — Улар тўғри ичак ва сийдик пуфаги дисфункцияси, пешоб тутиб тура олмаслик, бепуштлик, жинсий ожизлик ва бошқа нарсалардан азоб чекиши мумкин».

Шуниси ҳайратланарлики, ушбу синовда қатнашган беморлар шу вақтгача бундай муолажалардан ҳам, уларга боғлиқ ножўя таъсирлардан ҳам тўлиқ қочишга муваффақ бўлишган.

Тадқиқотнинг иккинчи фазасида беморларга олти ой мобайнида ҳар уч ҳафтада достарлимаб берилган. Агар шишнинг рецидиви кузатиладиган бўлса, стандарт нур ва кимё терапияси ҳамда жарроҳлик аралашуви назарда тутилган. Лекин улар бунга дучор бўлмаган.

Олти ойлик кузатувлардан сўнг тадқиқотда қатнашган барча 12 нафар беморлар МРТ, ПЭТ, эндоскопия, биопсия ва бошқа тестлар билан аниқланадиган шишларсиз «тўлиқ клиник жавоб»ни кўрсатган.

«Доктор Черчек менга врачлар гуруҳи менинг таҳлилларимни текшириб чиқишганини айтди, — дейди тадқиқотга қўшилган илк бемор Саша Рот. — Улар саратоннинг ҳеч қандай аломатларини топа олишмагач, доктор Черчек менда нур терапиясидан ўтиш учун ҳожат йўқлигини айтди».

Жуда кўп ташкилотлар, жумладан, Jemperli’ни ишлаб чиқараётган GlaxoSmithKline фармацевтика компанияси томонидан молиялаштирилаётган тадқиқот ҳозирча тугамаган, шунчаки дастлабки натижалар маълум қилинмоқда.

Айни пайтда умумий ҳисобда 12 нафар бемор даволаш курсини ўтаган ва олти ой мобайнида кузатув остида бўлган.

Уларнинг учдан икки қисмида қичишиш, чарчоқ, кўнгил айниши каби енгил ва бир маромдаги ножўя таъсирлар кузатилган, бироқ уларнинг бирортасида саратоннинг қайта ўсиши кузатилмаган. Ҳолбуки, ўртача кузатув даври бир йил бўлган, Рот каби беморлар эса икки йилдан буён саратондан халос бўлиш учун курашиб келишган.

«Пировард натижада тадқиқотларда 30 га яқин беморлар қатнашишини кутмоқдамиз. Биз барча гуруҳлар бўйича маълумотларга эга бўлганимиздан сўнг, достарлимаб тўғри ичак саратонидан азият чекаётган беморлар учун нақадир хавфсиз ва самарали эканлиги тўғрисида тўлиқ тушунчага эга бўламиз. Лекин якуний хулоса учун янада кенгроқ беморлар гуруҳида янада каттароқ тадқиқотлар ўтказилиши керак бўлади.

Ўшангача биз жорий натижаларга оптимистик, бироқ эҳтиёткорона ёндашишимиз керак
», — дея натижаларга шарҳ ёзган Чапел-Ҳиллдаги Шимолий Каролина университети онкологи Ҳана К.Санофф.

Саноффнинг сўзларига кўра, тўлиқ клиник жавоб саратон устидан узоқ муддатли назорат суррогати бўла олмайди, чунки достарлимаб каби назорат нуқталари ингибиторлари узоқ йиллар мобайнида самара кўрсатса-да, айрим беморларда саратоннинг қайта ўсиши барибир кузатилади.

«Бу ноаниқликларга қарамасдан, Черчек ва унинг ҳамкасблари, шунингдек, стандарт даволаш курси ўрнига келажаги номаълум, бироқ кўп нарсани ваъда қилувчи янги усулга розилик берган беморлар саратонни даволашда инқилобона силжишнинг дастлабки учқунлари бўлиши мумкин бўлган ишга қўл уришган», — деган Санофф.

Ушбу эҳтиёткорликлар инобатга олинса, нимадандир умид қилиш мумкин бўлади. Тадқиқотчилар эса уларнинг иммунотерапияга уникал ёндашуви MMRd’га бошқа турдаги шишларга эга беморлар: ошқозон, ошқозоности бези, простата саратонлари билан оғриётган беморларга ҳам ёрдам бериши мумкинлигини ўрганишмоқда.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » АҚШда синалган препарат синов остидаги беморларни саратондан тўлиқ халос қилди