Соғлом бўлиш учун кунига камида 10 минг қадам юриш керак? Бу фикрнинг хато эканини олимлар исботлади
Бирор бир касалликдан халос бўлиш ва саломатликни сақлаш учун кунига 10 000 қадам юриш кераклиги ҳақидаги фикрни кўп эшитган бўлишингиз мумкин. Олимлар соғлом бўлиш учун анча камроқ юриш керак эканлигини маълум қилди, деб ёзмоқда “Zakon.kz” нашри.
Европа профилактик кардиология журналида чоп этилган янги тадқиқотда бир кунда талаб қилинадиган қадамлар сонидан анча камроқ юриш кераклиги кўрсатилган.
Олинган маълумотларга кўра, ҳар қандай сабаб билан боғлиқ ўлим хавфини камайтириш учун кунига атиги 3 967 қадам, юрак-қон томир касалликлари хавфини камайтириш учун эса 2 337 қадам юриш кифоя қилади.
Тўғри, қадамлар сони қанча кўп бўлса шунчалик яхши. Ўлим хавфи ҳар 500-1 000 қадам қўшилганда сезиларли даражада камаяди.
Ҳар куни қадамлар сонини 1 000 тагача ошириб бориш ҳар қандай сабаб билан боғлиқ ўлим хавфини 15 фоизга ва 500 тагача ошириш юрак-қон томир касалликлари билан боғлиқ ўлим хавфини 7 фоизга камайтиради.
Агар инсонлар кунига 20 000 қадам юрса ҳам, қадамларнинг саломатликка фойдали жиҳатлари ўсиб боради. Унинг фойдали жиҳатлари жинс ва ёшга қараб гуруҳларга бўлинади. Таҳлил учун бутун дунё бўйлаб 226 000 дан ортиқ инсон иштирокида 17 та алоҳида тадқиқот ўтказилди.
Польшанинг Лодзи тиббиёт университети кардиология профессори Масей Баначнинг айтишича, унинг гуруҳи натижалари ёши ва яшаш жойидан қатъи назар, барча аёллар ва эркакларга тегишли бўлган.
Барча соғлом иштирокчилар тадқиқотда ўртача етти йил давомида қатнашган. Уларнинг ўртача ёши 64 ёшни ташкил қилган, аёллар ва эркаклар нисбати эса деярли 50 га 50 бўлган.
60 ва ундан катта ёшдаги иштирокчилар кунига 6 000 дан 10 000 гача қадам босиб ўтишган, бу ҳолатда ўлим хавфи 42 фоизга, 7 000 дан 13 000 тагача қадам босганларда эса 49 фоизга камайган.
“Юрак-қон томир касалликлари каби ўзига хос касалликларни даволаш учун тобора самарали дори воситалари мавжуд бўлган дунёда биз ҳар доим ҳаёт тарзини ўзгартириш юрак-қон томир касалликлари хавфини камайтириш ва узоқ умр кўришда худди шундай самарали бўлиши мумкинлигини таъкидлашимиз керак”, — дейди Масей Банач.
“Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг