00:44 / 24.09.2023
309

Кузда аллергик касалликлар кучайишига таъсир қиладиган омиллар айтилди

Кузда аллергик касалликлар кучайишига таъсир қиладиган омиллар айтилди

Фото: AP
Салқин кунлар бошлагач, замбуруғ спораларининг ёмғирдан кейин ҳавога юқори концентрацияда кўтарилиши натижасида замбуруғга нисбатан аллергик ҳолатларнинг оғир формалари учрайди.

Мавсумий аллергия нафақат баҳор ва ёз мавсуми, балки куз фаслида ҳам кузатилади. Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология маркази директори Илмира Разикова уларни санаб ўтди.

«Агар сентябр, октябр, ноябр ойлари ҳам нисбатан иссиқ келиб, ёғингарчик бўлмаса, ўсимлик чангчалари ўз аллергик хусусиятини сақлаб қолади. Салқин кунлар бошлагач, замбуруғ спораларининг ёмғирдан кейин ҳавога юқори концентрацияда кўтарилиши натижасида замбуруғга нисбатан аллергик ҳолатларнинг оғир формалари учрайди. Бундан ташқари, уй чанги ва ит, мушук сингари ҳайвонлар жуни ҳам симптомларни келтириб чиқарувчи муҳим аллергенлар ҳисобланади. Куз ойларида замбуруғ споралари энг кўп учрайдиган манба — дарахт ва буталардан тўкилган япроқлардир. Бундан ташқари, аллергенлар зах ёки моғорлаган хоналар ҳамда ертўлаларда ҳам кузатилади», деди мутахассис.

Қайд қилинишича, бунинг олдини олиш учун хонадон ҳовлиси ёки боғ ва айвонларни, қолаверса, тарнов ва мўриларни тўкилган барглардан тозалаш зарур. Қолаверса, ҳаммом ва ошхонани моғорлардан холи тутиш тавсия этилади. Шунингдек, хона ичидаги намлик даражасини камайтириб, уни 25-50 фоизгача сақлаш муҳим.

Шифокор сўзларига кўра, салқин об-ҳаво муҳити уй чангларининг кўпайиши учун ҳам қулай. Бундай шароитда аллергенлар концентрацияси ортиб, аллергик ринит, конъюнктивит ёки астма белгилари кучаяди. Бу, айниқса, яхши исимайдиган ва зах хоналарда кўпроқ кузатилади.

«Аллергияни қўзғатувчи яна бир манба — уй ичидаги чанг тўпловчи жиҳоз ва анжомлар — гилам ва тўшамалар, ёстиқлар, девор қопламалари, юмшоқ мебеллар ва ўйинчоқлар ҳамда китоблардир. Мавсумий аллергияга мойил одамларнинг тахминан ярми уй ҳайвонлари жунидан азият чекади. Бундай вазиятда аллергик реакциялардан бутунлай холи бўлиш имконсиз. Бироқ хоналарни тез-тез тозалаш ва шамоллатиб туриш орқали симптомларни камайтириш мумкин», деди шифокор.

Аллергия белгилари кузатилган беморлар ўз вақтида мутахассисга мурожаат қилиши тавсия этилади.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Кузда аллергик касалликлар кучайишига таъсир қиладиган омиллар айтилди