Саломатлигингиз ва қад-қоматингиз ҳақида қайғурадиган инсонлар сирасига кирсангиз, нонуштангиз организм учун керакли озуқавий моддалар, катта миқдордаги оқсил ва кун давомида ўзингизни тўқ ҳис қилишга ёрдам берадиган фойдали ёғлардан иборат бўлиши лозим. Бу ортиқча килограммлардан халос бўлиш ва қоматингизни ҳар доим бир хил кўринишда сақлаб туришга ёрдам беради.
Ҳар қандай ажойиб кун мазали ва тўйимли нонуштадан бошланиши керак. Агар нонушта дастурхонингиздан биз қуйида санаб ўтадиган маҳсулотлар ҳам жой олса, ўзингизни ортиқча вазндан ҳимоя қилган бўласиз.
Озиш ниятидаги одамларга нонуштадан воз кечиш мумкин эмаслиги ҳақида аввал ҳам эшитган бўлсангиз керак. У организмнинг кун давомидаги тетиклигини таъминлаб беради, очлик ортидан зарарли маҳсулотларни паққос туширишнинг олдини олади, танангизга спорт билан шуғулланиш ёки самарали ишлаш учун куч бағишлайди. Ҳа, айтгандай, қуйида биз санаб ўтадиган маҳсулотларни фақатгина нонушта вақтида истеъмол қилиш керак деган қоида мавжуд эмас. Шунчаки, уларни айнан нонуштада тановул қилиш организмга ижобий таъсир кўрсатади.
Лосос
Одатда нонушта учун ёзилган дастурхондан лосос балиғини топиш жуда қийин. Бу табиий, албатта. Бироқ ушбу балиқ тури – фойдали ёғларнинг ажойиб манбаидир. Лосос ўта юқори калорияга эга маҳсулот саналмайди, шунга қарамасдан тўқлик ҳиссини узоқ вақтгача таъминлаб беради. У организмни оқсил, омега-3 ёғ кислотаси билан тўйинтиради, юрак-қонтомир тизими касалликлари пайдо бўлиши хавфини камайтиради. Балиқ – ёд манбаи ҳам бўлиб, метаболизмни тезлаштиришга ёрдам беради. Нонушта вақтида лосос тановул қилсангиз, кун давомида ўзингизни ҳар доимгидан ҳам тетик ҳис этасиз, ортиқча калориялардан эса ташвишланмасангиз ҳам бўлаверади.
Тухум
Тухум оқсилга бой маҳсулот, бу эса организмдаги тўқлик ҳиссини узоқ вақт давомида сақлаб туриш учун айни муддао. Айрим парҳезшунослар озиш ниятидаги инсонларга тухум сариғидан воз кечиб, фақатгина тухум оқини ейишни тавсия қилишади. Аслида эса тухумнинг асосий фойдали хусусиятлари сариқ қисмида жойлашган. Бундан ташқари, тухум сариғининг ҳаддан ташқари ёғли эканлиги ҳақидаги гап-сўзлар ҳам сафсатадан бошқа нарса эмас. Аслида ёғларнинг бир нечта турлари мавжуд, “фойдали ёғлар” организмдаги муҳим жараёнларни назорат қилишда фаол иштирок этади. Тухум сариғи таркибида фойдали ёғлар сақланади, у саломатликка ижобий таъсир кўрсатиб, тўқлик ҳиссини тезроқ сезиш ва овқатдан лаззатланишга имкон беради. Агар озиш ниятида бўлсангиз, “фойдали ёғлар”дан эмас, тўйинган ёғлардан воз кечинг. Тўйинган ёғлар сариёғ, пишлоқ ва яримфабрикатлар таркибида бўлади.
Олма
Олимларнинг аниқлашларича, олма истеъмоли виссерал ёғни йўқ қилиш, бел соҳасидаги ортиқча сантиметрлардан халос бўлиш, метаболик бузилишларнинг олдини олишга ёрдам беради. Барчаси олма таркибидаги пектин шарофатидан, у ёғнинг ҳужайралар томонидан сўраб олинишига тўсқинлик қилади.
Грэйпфрут
Грэйпфрут озиш учун ишлаб чиқилган аксарият парҳезлар таркибида мавжуд эканлиги бежизга эмас. Боиси, унинг хусусиятлари мутахассислар томонидан етарлича ўрганиб чиқилган. Нордон таъмга эга цитрус мевани кўпчилик хуш кўрмаслиги мумкин, аммо у орзуйингиздаги қоматга қисқа вақт ичида эга бўлишга жуда катта ёрдам беради. Тадқиқотларнинг кўрсатишича, нонушта тановулидан аввал грейпфрут истеъмол қилиш керагидан кўп еб юборишнинг олдини олади. Шунинг учун ҳам мутахассислар уни нонушта вақтида истеъмол қилиш айни муддао эканлигини айтишади. Мевани смузи ёки шарбат кўринишига келтириб эмас, бутунлигича истеъмол қилинг – бу орқали организм унинг фойдали хусусиятларидан тўлиқ баҳраманд бўлади.
Чиа уруғлари
Чиа уруғларига сон-саноқсиз фойдали хусусиятлари туфайли “суперфуд” дея таъриф берилишидан хабарингиз бўлса керак. Ушбу маҳсулот клетчатканинг кони бўлиб, чиа уруғлари ўзига катта миқдордаги суюқликни сингдириб олади ва ошқозонда гелсимон модда ҳосил қилади. Бу эса ўзингизни кун давомида тўқ ва тетик ҳис қилишга ёрдам беради. Чиа уруғларини смузилар, бўтқа, салатлар, ҳаттоки пудинглар таркибига қўшиш мумкин. Пудинг тайёрлаш учун сизга 250 мл сут, мевалар ва 4 ошқошиқ чиа уруғи керак бўлади. Пудинг тонгга яқин керакли ҳолатда бўлиши учун уни бир кун аввал тайёрлаб қўйишни маслаҳат берамиз.
“Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг