Магнит бўрон — магнит майдоннинг кескин ўзгариш даври. Бу бир неча соатдан бир неча кунгача давом этиши мумкин.
Магнит бўрон нима?
Ер атрофида кўринмас қобиқ — магнитосфера мавжуд бўлиб, у сайёрани қуёш нурларидан ҳимоя қилади. Космосдан унга қуёш шамоли деб аталадиган оқим — Қуёшдан 400 км/с тезликда учадиган ионланган зарралар таъсир қилади. Одатий кунларда қуёш шамоли ва Ер магнит қобиғининг босими тенг бўлади. Аммо Қуёшда чақнашлар содир бўлганда, қуёш шамолининг тезлиги ошади, босим мувозанати ўзгаради, Ер устидаги магнитосфера сиқилиб, ундаги оқимлар кучаяди. Айнан шу ҳодиса магнит бўрони ҳисобланади. Натижада Қуёшдаги чақнашлар Ерга ўз таъсирини ўтказмай қолмайди.
Магнит бўронларининг натижасини визуал тарзда кузатиш мумкин — ҳаммага таниш Шимол ёғдуси Ернинг магнит майдонидаги ўзгаришлар таъсирининг яққол намунаси.
Магнит бўронларининг асосий сабаблари:
Қуёш шамолининг кучли оқими Ер магнит майдонининг ташқи қисмини бузади ва Ерга яқин космик муҳитда электр токини ҳосил қилувчи мураккаб тебранишларни келтириб чиқаради, бу эса ўз навбатида магнит майдонда қўшимча ўзгаришларга сабаб бўлади — буларнинг барчаси магнит бўронини юзага келтиради.
Қуёш магнит майдонидан зарядланган зарралар Ер магнитосферасига кириб, оқимларни ҳосил қилади ва унинг магнит майдонида ўзгаришларга олиб келади.
Магнит бўронларнинг оқибатлари:
Магнит бўронлар жиддий муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Бу биринчи навбатда одамларга эмас, балки космик ва технологик тизимларга тегишли. Навигациядан тортиб алоқагача бўлган хизматлар учун муҳим сунъий йўлдошлар узилишларга дуч келиши мумкин. У электр тармоқларига ҳам таъсир қилади, бу эса электр энергияси узилишларига олиб келади.
Одам саломатлиги учун хавфлими?
Магнит бўронлар биринчи навбатда технологик тизимларга таъсир қилса-да, улар инсон саломатлиги учун потенциал оқибатларга олиб келиши мумкин. Геомагнит тебранишларга сезгир бўлган одамлар учун бу бўронлар бош оғриғи, бош айланиши ва ҳатто юрак-қон томир муаммолари каби жуда жиддий ҳамда нохуш ҳолатларга сабаб бўлади.
Магнит бўронлари пайтида юзага келадиган симптомлар:
- қон босими ошиши;
- ишлаш қобилиятининг пасайиши;
- бош оғриғи;
- бош айланиши;
- хавотирланиш ҳисси;
- сурункали касалликларнинг кучайиши.
Бундан ташқари, юрак-қон томир тизимига таъсир қилади, деб даъво қиладиган тадқиқотлар ҳам мавжуд. Аммо бу маълумотлар нотўғри. Бўронларнинг таъсирини том маънода баҳолаш жуда қийин.
Бундай пайтда шифокорлар қандай маслаҳат беради?
Агар бундай кунларда соғлиғингизда муаммолар кузатилса, юзага келиши мумкин бўлган симптомлардан хабардор бўлиш ва зарур чораларни кўришингиз лозим. Энг муҳими:
- етарлича ухланг;
- кўпроқ сув ичинг;
- рациондан туз миқдорини камайтиринг;
- стрессдан қочинг;
- жисмоний фаолликни ва оғир ҳаракатларни камайтиринг.