date
views 200

Эритритнинг мия томирлари учун хатарлари аниқланди — янги тадқиқот

Эритритнинг мия томирлари учун хатарлари аниқланди — янги тадқиқот
Соғлом турмуш тарзи тарғиботчилари орасида кенг оммалашган эритрит ҳақида Колорадо университети олимларининг сўнгги тадқиқоти жамоатчиликда жиддий муҳокама уйғотди. Бу модда “шакарсиз” ва “кето” деб белгиланган маҳсулотларда учраб, озуқа саноатида шакарнинг алтернативаси сифатида фаол қўлланилади. Аммо янги илмий маълумотлар эритритнинг инсон соғлиғига таъсири ҳақида олдинги қарашларни қайта кўриб чиқишга асос яратди.

Эритрит: “бехавф” ширинлик ёки яширин хавф?

Узоқ йиллар давомида эритрит кам калорияли, глюкоза ва инсулин даражасини кўтармайдиган модда сифатида диабет, семизлик ва метаболик синдромга чалинганлар учун тавсия қилинар эди. Табиий ширин таъм ва атиги 100 граммда 24 ккал энергия — уни шакар истеъмолини чекловчилар учун идеал ечимга айлантирган.

Бироқ, олимларнинг лаборатория тажрибалари натижасида эритрит қон томирларига, айниқса, мия қон томирлари эндотелий ҳужайраларига салбий таъсир кўрсатиши аниқланди. Қисқа вақт ичида, атиги уч соатда оксидловчи стресс белгиларининг 75 фоизга ошиши қайд этилди. Бу ҳужайраларнинг зарарли таъсирларга қарши табиий ҳимоя механизмлари кучайишига қарамай, етарли бўлмади.

Қон томирларидаги салбий ўзгаришлар

Тадқиқот жараёнида яна бир неча жиддий ўзгаришлар аниқланди:
— Азот оксиди ишлаб чиқарилиши 20 фоизга камайди, бу эса қон томирларининг тор ва кенг бўлишига таъсир қилиб, айланишни қийинлаштиради.
— Эндотелин-1 моддасининг ишлаб чиқарилиши 30 фоизга ортгани аниқланди, бу эса қон томирларда спазм ва сиқилиш хавфини кучайтиради.
— Тромбни эритувчи т-ПА оқсили ажралиши пасайди, натижада қон қуйқалари пайдо бўлиши хавфи ошади.

Бу ўзгаришлар инсульт ва юрак-қон томир касалликлари ривожланиши учун қулай шароит яратади. Илмий тажрибалар эритрит истеъмолидан сўнг тромблар ҳосил бўлишига мойиллик ошиб, айрим ҳолларда қон айланиши жиддий издан чиқишини кўрсатган.

Илмий фикрлар ва эҳтиёткорлик зарурати

Гарчи бу натижалар ҳозирча асосан лаборатория шароитида олинган бўлса-да, кўплаб илмий ишларда эритрит ва қон айланиш тизими ўртасидаги боғлиқлик борлиги қайд этилмоқда. 2023 йилда ҳам Витковский раҳбарлигидаги тадқиқотда қондаги эритрит даражаси ошган одамларда инсульт ва юрак хуружи хавфи кескин ортиши аниқланган эди.

Олимлар эритритни “тўлиқ бехавф” деб ҳисоблашга шошилмасликни, айниқса, ундан мунтазам ва миқдорсиз фойдаланишни чеклаш кераклигини таъкидламоқда. Бу модданинг қон томирларига узоқ муддатли таъсири, айниқса, миядаги ҳаётий муҳим ҳужайралар ҳолатида ўз аксини топиши мумкин.

Эритрит ва унинг ўрнини босувчи бошқа ширин моддалар ҳақидаги илмий изланишлар давом этмоқда. Соғлом турмуш тарзи тарафдорлари ва диабетиклар унинг миқдорини меъёрда сақлаш ва тўғри овқатланиш қоидаларига риоя қилишлари тавсия этилади. Янги тадқиқотлар эса ушбу ширинликнинг организмга таъсири борасида яна кўп саволлар қолдирмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Эритритнинг мия томирлари учун хатарлари аниқланди — янги тадқиқот