Тиббий ҳисоботларга кўра, мактаб ёшидаги ҳар уч боладан иккитаси — тахминан 66 фоизида кўриш билан боғлиқ турли муаммолар бор. Бу нафақат ўқишда қийинчилик, балки бош оғриғи, тез чарчаш ва диққатни йиға олмаслик орқали ҳам сезилади.
Кўзойнак танлашда йўл қўйиладиган хатолар эса муаммони янада оғирлаштириши мумкин. Шунинг учун қуйидаги қоидаларга эътибор бериш жуда муҳим:
1. Тўғри ташхис – биринчи қадам
Оптика салонларида ўлчанган кўриш қийматлари кўп ҳолларда аниқ бўлмайди. Болани офтальмолог кўригидан ўтказиш шарт. Фақат шифокоргина тўғри ташхис қўйиб, мос линза диоптриясини белгилайди.
2. “Заиф” кўзойнак олиш – катта хато
Кўп ота-оналар диоптрияси заифроқ кўзойнак танлаш боланинг кўзини “ишлатиб туради” деб ўйлайди. Аслида эса бундай ёндашув кўришни тўлиқ тузатмайди, натижада кўзлар ортиқча зўриқиб, чарчоқ ва бош оғриғи пайдо бўлади.
3. Ёш ва ҳаётий фаолиятни ҳисобга олиш
Кўзойнак танлашда боланинг ёши, дарслардаги иштироки ва серҳаракатлиги инобатга олиниши керак. Масалан, фаол болалар учун синмайдиган, мустаҳкам материалдан ясалган оправалар энг тўғри танлов ҳисобланади
4. Мослашиш даврини унутманг
Янги кўзойнакка кўникиш учун бир неча кун вақт керак бўлади. Агар бу даврда кўз оғриши, бош айланиши ёки кўришда хиралик сақланиб қолса, дарҳол шифокорга мурожаат қилиш лозим.
Болаларни телефон ва планшетдан чегараланган вақтда фойдаланишга ўргатинг. Ҳар соатда камида 5 дақиқа узоқроқ масофага қараш одати кўриш саломатлигини анча яхшилайди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!