Калифорния университети (Лос-Анжелес) мутахассислари олиб борган сўнгги тадқиқотга кўра, оғиз контрацептивлари мия фаолиятига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин. Олинган натижаларга кўра, улар аёлларнинг ҳиссий ҳолати ва кайфиятига ўзгариш киритиб, индивидуал нейрон хусусиятларни сусайтиради, деб ёзмоқда Peopletalk.
Тадқиқотда ёши 20 дан 33 гача бўлган 26 нафар аёл иштирок этди. Улар цикл давомида аввал таблетка, сўнгра эса плацебо қабул қилишди. Ҳар икки жараёнда ҳам улар функционал МРИдан ўтказилди ва кайфиятлари махсус тестлар орқали баҳоланди.
Натижалар шуни кўрсатдики, контрацептив восита қабул қилинганида мия фаолияти ўхшаш бўлиб, шахсга хос айрим индивидуал хусусиятлар йўқолган. Бу, айниқса, режалаштириш, ҳис-туйғулар ва ўзини назорат қилишга масъул бўлган соҳаларда яққол кузатилган.
Иштирокчилар орасида кўплаб аёллар дори қабул қилинган вақтда кайфиятда салбий ўзгаришлар бўлганини қайд этган. Олимлар бу ҳолатни гормонларнинг ҳиссиётларни бошқарувчи мия марказларига таъсири билан изоҳлайди.
Тадқиқотчилар сўзларига кўра, ишлар айрим чекловларга эга — намуна кичик ва кузатув қисқа муддатли бўлган. Шунга қарамай, натижалар бу йўналишда каттароқ ва узоқ муддатли изланишларга эҳтиёж борлигини кўрсатмоқда.
Мутахассислар аввалроқ ҳам контрацептивлар баъзи ҳолларда аёлларда инсульт хавфини ошириши мумкинлигини таъкидлашган. Шунга қарамай, таблетка ҳозир ҳам энг кенг тарқалган ҳимоя усули ҳисобланади: АҚШда репродуктив ёшдаги ҳар тўртинчи аёл, Буюк Британияда эса уч миллионга яқини ундан фойдаланади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!