Болаларга ҳафтасига икки марта балиқ бериш тавсия қилинди

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Профессор Вефик Арижа болаларнинг соғлом ривожланиши учун 1 ёшдан бошлаб уларнинг рационига ҳафтасига камида икки марта ёғли балиқ киритишни тавсия қилди.
- Мутахассис омега-3 етишмовчилиги юрак, асаб тизими, хотира ва кўз билан боғлиқ қатор муаммоларни келтириб чиқариши мумкинлигини таъкидлади.
Болаларнинг соғлом ўсиши ва ривожланиши учун омега-3 ёғ кислоталари муҳим аҳамиятга эга. Туркиялик профессор ота-оналарга фарзандларига 1 ёшдан бошлаб ҳафтасига камида икки марта ёғли балиқ беришни тавсия қилди. Бу ҳақда Anadolu агентлиги хабар берди.
Prof. Dr. Cemil Taşcıoğlu шаҳар касалхонаси болалар саломатлиги клиникаси таълим бўлими раҳбари, профессор Вефик Арижа болаларда омега-3 етишмовчилиги билан боғлиқ масалаларга эътибор қаратди. Унинг айтишича, сўнгги тадқиқотларда ҳар уч боладан иккисида омега-3 даражаси етарли эмаслиги аниқланган.
Профессор дунёда аҳоли жон бошига йиллик балиқ истеъмоли 21 килограммни ташкил этишини, Туркияда эса бу кўрсаткич 7,7 килограммга тенг эканини таъкидлади.
Омега-3 етишмовчилиги қандай муаммоларга олиб келиши мумкин?
Мутахассис омега-3 етарли миқдорда истеъмол қилинмаслиги юрак билан боғлиқ муаммолар, жигар ёғланиши, асаб тизими ривожланишидаги бузилишлар, хотира ва диққат билан боғлиқ қийинчиликлар ҳамда айрим кўз касалликлари билан алоқадор бўлиши мумкинлигини айтди.
Унинг таъкидлашича, омега-3 таркибидаги ёғ кислоталари мия ва кўз тўқималари учун муҳим ҳисобланади. Шунингдек, тухум сариғи таркибидаги холин ҳам ушбу тўқималар фаолияти учун аҳамиятли озиқ моддалардан биридир.

Қайси балиқларни танлаш керак?
Профессор болалар рационига омега-3га бой ва симоб миқдори паст балиқларни киритишни тавсия қилган. Жумладан:
лосось;
сардина;
анчоус (хамса).
Унинг тавсиясига кўра, болаларга 1 ёшдан бошлаб ҳафтасига камида икки марта ёғли балиқ бериш мақсадга мувофиқ.
Балиқ ёғи қўшимчаларини танлашда эҳтиёт бўлиш керак
Ҳафтасига икки марта балиқ истеъмол қила олмайдиган болаларда омега-3 қўшимчаларига эҳтиёж бор-йўқлигини баҳолаш мумкин. Бироқ уларни танлашда маҳсулот таркиби, ишлаб чиқариш шароити ва сифати муҳим.
Профессор халқаро сертификатларга эга, яроқлилик муддати ўтмаган ва тўғри сақланган маҳсулотларни танлашни тавсия қилган. Балиқ ёғининг ҳиди ёки ранги ўзгарган, оксидланиш белгилари мавжуд маҳсулотлардан фойдаланмаслик керак.
Шунингдек, балиқ ёғини меъёридан ортиқ истеъмол қилиш ошқозон-ичак безовталиклари, ёғли нажас ва аллергик реакцияларни келтириб чиқариши мумкин.
Болага омега-3 қўшимчасини беришдан олдин унинг эҳтиёжини педиатр билан маслаҳатлашиб аниқлаш лозим.
Кейинги янгилик

Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
Мавзуга оид янгиликлар
































Изоҳлар0
…