Нега болалар гўшт ейишни ёқтирмайди? Бунинг бир нечта сабаби бор

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Болаларнинг гўшт истеъмол қилишдан бош тортишига маҳсулотнинг ҳиди, таъми, қаттиқ тузилиши ёки ёшга хос озиқ-овқат неофобияси сабаб бўлиши мумкин.
- Мутахассислар болани мажбурлаш овқатланиш жараёнини ёқимсиз тажрибага айлантиришини таъкидлаб, гўштни юмшоқ ва кичик бўлакларда таклиф қилишни тавсия этишади.
- Гўшт таркибидаги оқсил, темир ва V12 витаминини тухум, балиқ ёки дуккаклилар орқали ҳам тўлдириш имкони мавжуд.
Бола гўштни оғзига олиши билан чиқариб ташлайдими ёки дастурхонда гўштли таом кўрса, ейишдан бош тортадими? Бу ҳолат кўплаб ота-оналарга таниш. Аммо боланинг гўштни ёқтирмаслиги ҳар доим ҳам инжиқлик эмас — бунга унинг таъм билиши, ҳиди ва овқатнинг тузилиши ҳам таъсир қилиши мумкин.
Гўштнинг ҳиди ва тузилиши болага ёқмаслиги мумкин
Гўштнинг толали, қаттиқ ёки чайнаш қийин бўлган тузилиши айрим болаларга ёқмайди. Айниқса, чайнаш кўникмаси ҳали тўлиқ шаклланмаган кичик ёшдаги болалар учун қаттиқ гўштни ейиш қийин бўлиши мумкин. Бундан ташқари, гўштнинг ўзига хос ҳиди ва таъми ҳам боланинг ундан бош тортишига сабаб бўлади.
Бола янги овқатни қабул қилишга тайёр бўлмаслиги мумкин
Тахминан бир ёшдан кейин кўп болалар нотаниш таомларни татиб кўришга эҳтиёткорлик билан ёндаша бошлайди. Илмда бу ҳолат «озиқ-овқат неофобияси» деб аталади. Бола фақат гўштни эмас, балки аввал емаган бошқа маҳсулотларни ҳам рад этиши мумкин. Бу кўпинча ўсиш жараёнининг одатий босқичидир.
Болани мажбурлаш тўғри эмас
Мутахассислар болани овқат ейишга мажбурламасликни тавсия қилади. Бу овқатланишни ёқимсиз тажрибага айлантириши мумкин. Гўштни кичик бўлакларда, юмшоқ ва яхши пиширилган ҳолда таклиф қилиш, уни турли усулларда тайёрлаш ҳамда оила аъзолари билан бирга овқатланиш фойдали бўлиши мумкин.
Бола янги маҳсулотни қабул қилиши учун уни бир неча марта таклиф қилишга тўғри келади. Бир марта рад этгани уни ҳеч қачон емайди, дегани эмас.

Гўшт емаса, хавотирланиш керакми?
Гўшт оқсил, темир ва В12 витамини манбаи ҳисобланади. Бироқ бола гўшт емаса ҳам, оқсилни тухум, балиқ, дуккаклилар ва бошқа маҳсулотлардан олиши мумкин. Темир ва В12 витаминининг етарли бўлиши ҳам муҳим, шунинг учун боланинг умумий овқатланиш рационига эътибор қаратиш керак.
Агар бола фақат бир нечта маҳсулотни еса, вазни яхши ошмаса, тез чарчаса ёки чайнаш ва ютишда қийналса, педиатр билан маслаҳатлашиш лозим.
Хулоса шуки, боланинг гўштни ёқтирмаслиги кўпинча таъм, ҳид, тузилиш ёки ёшга хос овқат танлаш билан боғлиқ бўлади. Энг муҳими, болани мажбурламасдан, унга турли озиқ-овқатларни сабр билан таклиф қилишдир.






























Изоҳлар 0
…