23:30 / 09.09.2017
7 693

Қандай қилиб қон босимини тўғри ўлчаш мумкин?

Қандай қилиб қон босимини тўғри ўлчаш мумкин?
Артериал қон босимини ўлчаш қийин эмас, айниқса замонавий тонометрлар ёрдамида. Бироқ бу иш эътиборсизлик билан амалга оширилса, натижа ҳам шунга яраша бўлади. "Лайфхакер" қандай қилиб бу жараёнда хато қилмаслик борасидаги тавсиялари билан ўртоқлашди.

Қандай қурилмадан фойдаланган маъқул?

Қон босимини мустақил ўлчаш учун автомат тонометр (қон босимини ўлчашга мўлжалланган жиҳоз) харид қилган маъқул, чунки стетоскопдан ёлғиз фойдаланиш бироз ноқулай, натижалар нотўғри чиқиш эҳтимоли юқори.

Шунингдек, баъзи автомат тонометрлар ҳам нотўғри натижаларни кўрсатиши мумкин.

Ёдингизда бўлсин, нотўғри танланган манжета ўлчами қон босимини ўлчашдаги натижаларга таъсир кўрсатиши мумкин. Шунинг учун харид олдидан тонометр ўраладиган қўл қисмини ўлчаб олинг.

Қурилма кўрсатмада янглишмаслиги учун тонометрларни дорихоналардан ёки махсус дўконлардан харид қилинг ва бу борада ҳаддан ташқари тежамкорликка йўл қўйманг. Фойдаланишдан аввал албатта қўлланмасини ўқиб чиқинг ва батареяларни ўз вақтида алмаштиришни унутманг.

Қон босимини қандай ўлчаш керак?

Шошманг. 5 дақиқача тинч шароитда ўтиринг, бирор иш қилганингиздан кейин дарҳол тонометрга ёпишманг. Қон босимини ўлчашдан ярим соат олдин чекманг ва қаҳва ичманг.

Стулга қаддингизни тик қилиб ўтиринг. Оёқларингизни чалиштирманг. Оёқлар полда шундай туриши керакки, тиззалар баланд кўтарилмаслиги лозим.

Енгингизни шимаринг, яхшиси - енги узун кийимда бўлсангиз, уни ечиб қўйинг, шунда манжетни ўрашда муаммо юзага келмайди.

Қўлингизни шундай жойлаштирингки, тонометр манжетаси тахминан юракнинг тўғрисида бўлсин. Баъзан бунинг учун қўл остига ёстиқча қўйган маъқул.

Манжетани тўғри ўранг. Унинг пастки томони тирсакдан 2-2,5 см юқорида бўлиши керак.

Манжетани шундай ўрангки, у билан қўлингиз орасига 1-2 бармоқ сиғадиган бўлсин. Тонометр пульсни қайд этиши учун резина найчалар тирсакнинг ички томонига қараши керак.

Тонометрнинг барча найчалари текис бўлсин, чигаллашиб ёки тугун бўлиб қолмасин. Бу қийин эмас, мана бундай ҳолатда ўтириш керак:

Тонометр манжетани ҳавога тўлдириши учун дастурни ишга туширинг ёки уни мустақил ҳаракатга келтиринг (бу қандай моделни харид қилганингизга боғлиқ). Қурилма ҳавони қўйиб юборишини кутинг ёки клапанни очиб, ҳавони ўзингиз қўйиб юборинг.

Тонометр кўрсаткичларини ёзиб олиб, икки дақиқадан кейин бошқа қўлингизда ҳам қон босимингизни ўлчаб кўринг.

Қандай қилиб қон босимини стетоскопда ўлчаш мумкин?

Инсоннинг юрак уришини эшитиш услуби бироз тажриба ва кўникма талаб қилади. Биринчи марта юрак уришини эшитиш ва бир вақтнинг ўзида тонометр нишони ишорасини қайд этиш қийин, албатта. Инсоннинг ўз қон босимини ўлчаш эса ундан-да қийин. Шу боис агар стетофонендоскопдан фойдаланмоқчи бўлсангиз, аввал машқ қилиб олинг.

1. Инсон худди автомат тонометрда ўлчагандек қаддини тик қилиб ўтириши керак, манжета ҳам ўша жойга ўралади.

2. Стетофонендоскоп мембранасини тирсак чуқурчаси яқинига ёки ундан юқорироққа, пульс яхшироқ эшитиладиган жойга жойлаш ва бироз чиқиш керак.

3. Манжетани ўраб, тонометр ўқига қараб, пульсни эшитинг. Бир фурсат пульс йўқолади - юрак уриши эшитилмай қолади. Шундан кейин манжетани тонометр ўқи яна 20-30 мм'га кўтариладиган қилиб шишириш керак.

4. Тонометр ўқи секин пастлаши учун қурилма вентилини бироз бўшаштиринг. Секин деганда сониясига 2-3 мм пастлаши тушунилади.

5. Стетофонендоскопда яна юрак уриши пайдо бўлишини диққат билан эшитинг. Айни шу лаҳза тонометр ўқи кўрсатган сонни эслаб қолинг. Бу систолик, яъни "юқори" қон босими.

6. Кейин яна товуш йўқолишини кутинг. Тонометр ўқининг шу вақтда кўрсатган белгиси - диастолик, яъни "қуйи" қон босими ҳисобланади.

140/90дан баланд қон босими - юқори, 90/60дан паст бўлган қон босими - паст. Сиз учун қайси кўрсаткич меъёр эканини аниқлаш учун ҳар куни бир вақтда қон босимингизни ўлчанг ва кўрсаткичларни ёзиб боринг. Шундагина қон босимингизда муаммолар бор ёки йўқлигини билишга муваффақ бўласиз.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Қандай қилиб қон босимини тўғри ўлчаш мумкин?