21:00 / 25.03.2018
8 612

Асабни асрашда фойдали бўлган 14 та муҳим тавсия

Асабни асрашда фойдали бўлган 14 та муҳим тавсия
Одам ҳадеб асабийлашаверса, кайфияти тез-тез бузиладиган, шовқин-суронни, шодликни, ўйин-кулгини ёқтирмайдиган, лоқайд бўлиб қолади, уйда ва ишда тинчлик-осойиш­талик бўлишини истайди.

Агар бундай салбий ўзгаришлар тез-тез такрорланаверса, ички аъзолар фаолияти бузилади, натижада кишининг боши ёстиққа тегади. Шуни унутмаслик керакки, киши таш­қи муҳитдаги ёмон таъсирга қанчалик таъсирчан бўлса, организмнинг инфекцияларга ва юқумли каслликларга нисбатан чидамлилиги шунчалик пасайиб кетади. Натижада киши ҳар хил касалликларга тез чалинадиган бўлиб қолади, яъни унинг иммун тизими шикастланади.

Қуйида ҳадеб асабийлашмаслик, асабни асрашнинг йўл-йўриқларини баён қиламиз.

1) Сабр-тоқатли, меҳнатсевар, одоб-ахлоқли, иродали бўлиш каби хусусиятлар қанчалик яхши ривожланган бўлса, у ўз руҳий мувозанатини шунчалик сақлай олади. Бу хусусиятлар эса касалликларни олдини олишда муҳимдир.

2) Уйда, ишда, жамоада соғлом руҳий муҳитни яратиш, бир-бирига яхшилик истаги ва ўзгаларга қувонч бахш этиш инсон умрини узайтиради. Ўксиниш, хафагарчиликни тез ёддан чиқариш, кек сақламаслик ва эҳтиросларни тия билиш асаб тизимини мустаҳкамлайди. Бир вақтнинг ўзида ҳам кулиш ҳам йиғлашни болалардан ўрганиш зарур. Ҳиссиётларни чиниқтириш ва тарбиялаш керак.

3) Ёқимли мусиқа салбий ҳиссиётларни босишда ва чарчоқни йўқотишда катта аҳамиятга эга. Мусиқа ва шеърият инсоннинг сўз орқали ифодалай олмаган нозик туйғуларини ўзида акс этади ва танга ором бағишлайди. Ёқимли мусиқа эшитиб дам олинг. Бу албатта сиздаги чарчоқ ва руҳий зўриқиш (стресс)ни енгишда ёрдам беради.

4) Ижобий ҳиссиётлар, яъни ҳақиқий кулгу ва жилмайиш бош мия қон томирлари орқали ўтадиган қон миқдорини ошириб, мия тўқимасининг кислород билан таъминланишини яхшилайди.

5) Самимий кулгу мияни чиқиндилардан тозалаб, руҳиятни тетик қилади ва енгиллаштиради, кайфиятни кўтаради.

6) Эрталаб одатдагидан ўн дақиқа олдин туринг. Эртага кийиладиган кийимлар, зарурий иш қоғозлари, ҳужжатларни ётишдан олдин тайёрлаб қўйинг ва ҳоказо.

7) Бугунги ишни эртага қўйманг, бу стрессни, келтириб чиқаради. Уйда ҳамма бирдай ишлаши ва фойдали машғулот билан банд бўлиши керак, аксинча бўлса бу сизни асабийлаштиради.

8) Муваффақиятларингизни доимо эслаб, бундан ҳузурланиб, битта омадсизликка 10 та омадингизни нақд эканини ёдда тутинг.

9) Суҳбати зерикарли ва доимо ҳаётдан нолийдиган инсонлардан йироқ бўлинг.

10) Жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланинг.

11) Уйқу асабга ором берувчи энг яхши восита эканлигини доимо эсда тутинг. Ҳар куни 7-8 соат тўйиб ухланг.

12) Тўғри ва сифатли овқатланиш талабларига риоя қилинг.

13) Ўзгаларга доимо яхшилик қилиб юринг. Атрофингиздагиларга ҳам тез-тез яхши тилак билдириб туринг. Бундан авввало ўзингизнинг кайфиятингиз кўтарилади ва эзгулик қалбингизни нурга тўлдиради.

14) Ҳар бир инсон ҳаётда қийин вазиятга тушиб қолган пайтда, бундай вазиятнинг аҳамиятини ҳаётининг асосий мазмуни билан хаёлан таққослаб кўриши лозим. Бу таққослаш вазиятни юмшатади, ўткинчи бу ҳолат келтирадиган зарар олдида ҳаётининг асосий мазмуни нақадар улуғ эканига ишонч ҳосил қилади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Асабни асрашда фойдали бўлган 14 та муҳим тавсия