Кунига бир соат спорт билан шуғулланиш ҳаётни қандай ўзгартиради?

Инсон ҳаётида саломатликдан қимматлироқ бойлик йўқ. Бу гап кўп айтилгани учун баъзан оддий шиорга ўхшаб қолади. Аммо яқинлар орасида оғир касаллик сабаб йиллаб ётоқда қолган инсонларни кўрган одам бу ҳақиқатни юракдан ҳис қилади. Айниқса, инсульт каби касалликдан кейин умрининг сўнгги йилларини ҳаракатсиз ўтказаётган инсонларни кўриш ҳар қандай кишини ўйлантиради. Худо барча беморларга шифо берсин.
Кичик бир ҳисоб-китоб ҳам инсонни жиддий хулоса қилишга мажбур қилади. Масалан, 5 йил — бу 43 800 соат дегани. Агар инсон шу вақтни касаллик, ҳаракатсизлик ва оғриқ билан ўтказса, бу нафақат унинг ўзи, балки оиласи, яқинлари ва бутун ҳаёти учун оғир синов бўлади.
Кўплаб касалликлар асосан учта омил билан боғлиқ: асабий зўриқиш, жисмоний ҳаракат етишмаслиги ва нотўғри овқатланиш. Қизиғи шундаки, жисмоний ҳаракатнинг ўзи қолган икки йўналишга ҳам ижобий таъсир қилади. Спорт асабни тинчлантиради, кайфиятни кўтаради, уйқуни яхшилайди ва овқатланиш тартибига ҳам таъсир қилади. Одам ҳаракат қилса, танаси ҳам, онги ҳам тартибга туша бошлайди.
Кунига атиги 1 соат спорт қилиш кўплаб оғир касалликларнинг олдини олишда катта ёрдам бериши мумкин. Бу спорт деганда албатта оғир машқлар ёки профессионал тайёргарлик назарда тутилмайди. Оддий юриш, енгил югуриш, теннис, футбол, спорт зал ёки уй шароитидаги машқлар ҳам етарли. Асосийси — мунтазамлик.
Ҳисобга қарайлик: ҳар куни 1 соат спорт 40 йилда 14 600 соатни ташкил қилади. Агар буни юқоридаги 43 800 соат билан таққосласак, фарқ 3 баробар. Яъни ҳар куни ажратилган 1 соат ҳаракат келажакда сизга уч баробар кўпроқ вақтни сифатли ҳаёт сифатида қайтариши мумкин. Бу фақат вақт нуқтаи назаридан қилинган оддий ҳисоб. Аслида эса спорт инсонга куч, ишонч, енгиллик ва ҳаёт завқини ҳам беради.
Молиявий томони ҳам бор. Баъзи инсонлар ойига 300 долларгача дори-дармонга сарфлашга мажбур бўлади. 5 йилда бу 18 минг доллар дегани. Бу жуда катта маблағ. Шу билан бирга, яхши юриш ёки югуриш учун мўлжалланган оёқ кийим тахминан 100–150 доллар туради ва 1,5–2 йил хизмат қилади. Бу ойига тахминан 100 минг сўм атрофида харажат дегани. Оддий қилиб айтганда, узоғи икки марта тушлик пули.
Шунинг учун спортни қиммат деб ўйлаш унчалик тўғри эмас. Қиммати — ҳаракатсизлик. Қиммати — касаллик. Қиммати — кеч қолинган қарор. Спорт эса аксинча, энг арзон ва энг самарали сармоялардан бири. Бу сармоя банкда эмас, танангизда, руҳингизда ва келажагингизда фоиз беради.
Ҳар ким ўзига қулай йўлни танлаши мумкин. Кимгадир эрталабки юриш ёқади, кимдир кечқурун югуради, бошқа биров футбол ўйнайди ёки спорт залга боради. Муҳими — ҳаракат бошлансин. Биринчи кун 10 дақиқа бўлса ҳам майли. Кейин 20 дақиқа, кейин 30 дақиқа. Танангиз “раҳмат”ни дарров айтади.
Қисқаси, кунига 1 соат ва тахминан 3 300 сўмлик ҳаракат — сифатли ҳаёт учун жуда кичик, аммо жуда кучли сармоя. Бугунги юриш эртанги дори-дармондан яхшироқ. Бугунги тер эртанги пушаймондан енгилроқ. Ҳаётни узайтириш қўлимизда бўлмаслиги мумкин, лекин уни сифатлироқ қилиш — кўп жиҳатдан ўз қўлимизда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!