Саломатлик – бебаҳо бойлик. У ягона, шу билан бирга унга зарба берадиган касалликларнинг эса сон-саноғи йўқ. Невроз касалликлари ана шу дардлардан бири ҳисобланади. Бугунги суҳбатдошимиз Тошкент врачлар малакасини ошириш институти Неврология кафедрасининг мудири, тиббиёт фанлари доктори, профессор Бахтиёр Ғафуровнинг тавсия ва маслаҳатлари ҳеч биримизни бефарқ қолдирмайди, деб ўйлаймиз.
— Сабабсиз натижа бўлмайди, дейди донишмандлар. Албатта, бирор хасталикнинг келиб чиқишига ҳам турли омиллар таъсир кўрсатади. Шу маънода асаб касалликларининг пайдо бўлишига нималар сабаб бўлади, деб ҳисоблайсиз?
— Маълумки, кўплаб касалликлар 2 турли: ирсиятга боғлиқ ҳолда ва турмуш давомида орттирилган бўлиши мумкин. Асаб касалликлари ҳам худди шу асосларда пайдо бўлади. Шуни таъкидлаш жоизки, мавжуд ирсий касалликларнинг қарийб етмиш фоизи асаб хасталиклари ҳисобланади. Бунда асосий омил сифатида қариндошлар орасидаги никоҳни келтириш мумкин.
Инсон ҳаёти давомида турли вазиятларга тушиши, ҳар хил воқеа-ҳодисаларни бошидан ўтказиши мумкин. Хурсандчилик дамларида ҳам, ғам-ташвишга дучор бўлганида ҳам ўзининг руҳиятини бошқара олган одам иродали саналади. Ирода инсонни асаб хасталикларидан асрай олади.
Биринчидан, шахснинг ички дунёси унинг ҳаётида муҳим роль ўйнайди. Айтмоқчи бўлганимиз, Аллоҳ томонидан инъом этилган ўзига хос феъл-атвор кишиларни турли касалликларга гирифтор этади ёки мутлақо дарддан йироқда сақлайди. Табиатан вазмин, кенг феълли одамлар ҳар нарсага асабларини бузишмайди, натижада улардаги асаб тизими бир меъёрда фаолият кўрсатаверади. Аксинча, феъли тор, енгил табиатли одамлар ҳаётнинг майда ташвишларига дуч келганда ҳам жиғибийрон бўлаверишади. Шунинг учун бундай кишиларда хасталикларга мойиллик кучли бўлади.
Иккинчидан, кучли руҳий зўриқиш, тасодифий воқеа-ҳодисалар натижасида тушкунликка тушиб қолиш ҳам асаб касалликларига олиб келади. Қолаверса, энг асосий омиллардан бири сифатида инсон тарбиясини айтиб ўтган бўлардим. Зотан, киши кенг дунёқараш ва тугал маданият эгаси бўлса, у ўзини ҳар қандай вазиятда идора қила олади. Демакки, инсоннинг маданияти, тарбияси ҳам унинг неврозга учрамаслигига катта таъсир кўрсатади.
Эътибор берган бўлсангиз, ҳаётда шундай инсонлар борки, бўлар-бўлмасга ўз феъл-атворини намоён этаверади. Майда-чуйда гап-сўзлардан ҳам жанжал чиқаравериш, жамоат жойларида ҳадеб асабийлашиш ва бу билан бошқаларнинг ҳам кайфиятига салбий таъсир ўтказишни асаб касалликлари билан эмас, тарбиясизлик деб баҳолаш керак, назаримда. Чунки ўзининг “Мен”ига эгалик қила оладиган одам асабини ҳам асрай олади, ўзини бошқара олмайдиган одам нафақат ўз соғлигидан, балки атрофдагиларининг ҳурматидан ҳам мосуво бўлишлари бор гап.
— Чиндан ҳам, ота-боболаримиз фарзанд тарбиясига «ё ҳаёт, ё мамот» масаласи даражасида қарашганида ҳам улкан маъно бор. Сиз мутахассис сифатида ёш авлодни асаб касалликларидан асраш учун қандай тавсиялар берасиз?
— Энг аввало, фарзандини ҳар томонлама баркамол қилиб вояга етказишни орзу қиладиган ота-она боласи билан муносабатда меъёрни унутмаслиги керак. Яъни, фарзандларимизни меҳнаткаш қилиб тарбиялаши, уларни ўзи фойдаланаётган неъматларнинг қадрига етишга ўргатиши муҳим аҳамият касб этади. Нега оилада ёлғиз фарзандлар асаби нозик бўлиб улғаяди? Чунки улар болалигиданоқ ҳаддан ортиқ эътибор ва меҳрибончиликка ўрганишган. Бундай одамлар ҳаётнинг арзимаган зарбасига учрашганида ҳам толиқиб қолишлари мумкин. Ёки, аксинча, кўп фарзандли оилаларда ҳам баъзи болалар неврозга учрашлари кузатилади. Чунки уларга эътибор етишмайди. Шу боис фарзанд тарбиясида меъёрни сақлаш, болаларимизни рағбатлантириш баробарида уларни мустақил ҳаётга ўргатиб бориш лозим. Ёшлигидан ҳаётдаги воқеа-ҳодисаларга реал баҳо беришни ўрганиб борган инсон турмушнинг энг оғир дамларида ҳам эсанкираб қолмайди.
Яна бир гап. Оиладаги носоғлом муҳит болаларда асаб касалликларининг келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин. Ота ва она орасидаги даҳанаки жанглар ёки улардан бировининг хўрланиши бола асабига қаттиқ таъсир кўрсатади. Агар бу ҳолат муттасил давом этадиган бўлса, у оиладаги болаларнинг соғлом йигит ёки қиз бўлиб вояга етиши амри маҳол. Шунинг учун фарзанд тарбиялаётган ота-она, энг аввало, ўзаро муаммоларини ҳал этиб олишлари, уларнинг келишмовчиликлари мурғак гўдакларнинг ҳаётига таъсир ўтказишига йўл қўймасликлари лозим.
— Маълумки, тутқаноқ узоқ вақтлардан бери давосиз дард сифатида баҳолаб келинган. Айтинг-чи, ҳозирги замонавий тиббиёт бу касалликка чалинган беморларни даволаш ва ундан бутунлай фориғ қилиш имкониятига эгами?
— Ҳақиқатан ҳам, тутқаноқ жуда қадимий касаллик. У кўпроқ ирсий, генетик омиллар таъсирида пайдо бўлади. Ҳозирги кунда бутун дунё аҳолисининг 0,8 фоизида шу хасталик учрайди. Тўғри, узоқ йиллар давомида у давосиз касалликлар сирасига киритилган. Айрим тарихий манбаларда ўз даврининг буюк кишилари — Юлий Цезрь, Достоевский, Нобель, Ньютон каби машҳур инсонлар ҳам тутқаноқдан азият чекишгани қайд этилган. Бизнинг халқимиз орасида ҳам кўп йиллар давомида бу хасталикка учраган беморларнинг касаллиги жамоатчиликдан сир сақланган. Яна бир гап: бу беморлар узоқ вақт психиатрларга мурожаат қилиб келишган. Аммо бугунги кунга келиб одамлар бевосита невропотолог шифокорларга мурожаат қилишмоқда. Чунки бугунги кун тиббиётида бу беморларни дарддан халос қилиш йўллари топилган. Демакки, ҳозирги пайтда шифокор билан ҳамкорликда тутқаноқ касаллигидан фориғ бўлиш мумкин, деб бемалол айта оламиз.
— Бахтиёр ака, сиз узоқ йиллардан буён невропотолог сифатида фаолият кўрсатмоқдасиз. Бугун ўз соҳангизга назар ташлаганингизда, нималар сизни ўйлантиради?
— Мени юртимизда тиббиётнинг имкониятлари ва сифати ортиб бораётгани жуда қувонтиради. Таъбир жоиз бўлса, республикамизда тез тиббий ёрдам тизими ривожланаётгани ҳар қанча эътирофга лойиқ. Чунки айрим касалликлар борки, уларга чалинган беморларнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун дақиқалар ва ҳатто сониялар ҳам катта аҳамият касб этади. Мисол учун, инсульт касалликлари, марказий асаб тизимининг ўткир яллиғланиши, тутқаноқнинг оғир турларида шошилинч ёрдам кўрсатиш жуда муҳим. Бугун тез тиббий ёрдам тизимининг кўмагида ана шундай касалликларни даволашда анча-мунча ютуқларга эришмоқдамиз. Тўғри, бу соҳада муаммолар ҳам йўқ эмас. Улар ҳам ўз ечимини топишига ишонамиз. Қолаверса, неврологик касалликларни аниқ ташхислашда комьпютер томографиясининг имкониятларидан фойдаланилаётгани ҳам даволаш самарасини янада оширмоқда.
Мени анчадан бери бир фикр ўйлантириб келади. Биламизки, тиббиётнинг асаб касалликлари соҳаси — кенг тармоқ. Бир мутахассиснинг ўзи барча йўналишлардан хабардор бўлиши, турли касалликлар билан оғриган беморларга ёрдам бериши лозим. Агар неврология соҳасининг ўзида ҳам тор мутахассисликлар ташкил этилса, бу кўрсатаётган тиббий хизматимизнинг сифати янада ошишига ижобий таъсир кўрсатарди. £олаверса, мия қон-томир касалликлари, ирсий касалликлар ва бошқа йўналишларда турли тиббий марказлар очилса, фойдадан холи бўлмас эди. Чунки бундай тиббий марказлар ўз доирасидаги беморларга профессионал эътибор қаратиб, уларни даволашнинг янгидан-янги усулларини ўзлаштирсалар, замонавий тиббиётдаги янгиликларни ўз ишига жорий қилсалар, ўйлайманки, аҳолига кўрсатаётган тиббий хизматимизнинг сифати янада ортар эди.
Ситора Тожиддинова
суҳбатлашди.
суҳбатлашди.
Манба: Kun.uz “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Хонанда Рухшона уйланмаган йигитга турмушга чиққани ҳақида сўзлаб берди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
Рамзан Қодиров Ғарб давлатларига ҳужум қилишга чақирди: “Ҳақиқий уруш қандайлигини ҳис қилишсин”
Диний қўмита Умра зиёратини ташкил қилиш учун 12 та турфирмага лицензия берди
Чехия юзлаб мактаблардаги портлаш таҳдидларида россиялик жосусларни айблади