14:00 / 12.10.2019
3 383

ССВ «Панграф» ўрнига «Ролиграф» дори воситаси берилганига муносабат билдирди

ССВ «Панграф» ўрнига «Ролиграф» дори воситаси берилганига муносабат билдирди
Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими
Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари ижтимоий тармоқларда тарқалган «Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган бепул дорилар беморлар аҳволини оғирлаштирмоқда» видеоматериалидаги мурожаатчилар билан учрашди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.

Мурожаатда буйраги трансплантация қилинган бир гуруҳ мурожаатчилар аввал истеъмол қилиб келган «Панграф» ўрнига «Ролиграф» дори воситасининг берилаётгани, ушбу дори воситасидан хавфсирашаётгани айтиб ўтилган эди.

Ушбу ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарияти ва мутахассислари шикоят билан келган беморлар билан учрашган ва тушунмовчиликлар ўрганилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош трансплантологи Улуғбек Йўлдошевнинг айтишича, айни пайтда беморларга берилаётган «Ролиграф» дори воситасининг таркиби ва таъсир этувчи моддаси «Панграф» дори воситаси билан бир хил. Шунингдек, «Панграф», «Програф», «Такролимус» дори воситалари суткасига икки марта қабул қилинган бўлса, улардан фарқли ўлароқ «Адваграф» ва «Ролиграф» дори воситалари таъсири узайтирилган бўлиб, улар суткасига бир марта қабул қилинади ва мазкур дори воситаларини ўз вақтида ва белгиланган миқдорда истеъмол қилиш тавсия этилади.

«Ушбу дори воситалари зарур ишлаб чиқариш амалиёти – GMP талабларига мувофиқ ишлаб чиқарилган бўлиб, ўз давлатида ва бошқа хорижий давлатларда рўйхатдан ўтказилиб, тиббиёт амалиётида қўллашга рухсат этилган. Шу ўринда унутмаслик керакки, ҳар бир дори воситаси GMP, яъни халқаро талабларга мувофиқ ишлаб чиқарилдими, демак, унга нисбатан шубҳа бўлиши ноўрин ҳисобланади. Қолаверса, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасарруфидаги даволаш профилактика муассасаларида беморларни зарур дори воситалари билан таъминлаш «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонунга асосан очиқлик ва шаффофлик тамойиллари асосида амалга оширилади», — дейилади хабарда.

Қўшимча қилинишича, ҳозирги кунда Ўзбекистонда буйрак ва жигар кўчириб ўтказилган 620 нафар бемор рўйхатда бўлиб, улардан 590 нафар бемор «Такролимус» ва «Микофенолат мофетил» препаратлари билан давлат томонидан бепул таъминланмоқда. Бундан ташқари, дори воситаларини ўз вақтида беморларга етказиб бериш қатъий назоратга олинган.

Маълумотда айтилишича, айни пайтда юқорида қайд этилган дори воситаларини қабул қилган айрим беморлардан келиб тушган мурожаатлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассислари томонидан чуқур ўрганилиб, таҳлил қилинмоқда. Ўрганиш якунлари бўйича батафсил маълумот эълон қилинади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » ССВ «Панграф» ўрнига «Ролиграф» дори воситаси берилганига муносабат билдирди