22:30 / 31.01.2018
5 008

Бош прокуратуранинг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди

Бош прокуратуранинг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди
Бугун, 31 январь куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди.

Президент матбуот хизмати берган хабарга кўра, йиғилишда мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар ва ўзгаришлар жараёнида прокуратура органлари томонидан қилинаётган ишлар ва улар олдида турган вазифалар муҳокама қилинди.

Давлат раҳбари прокуратура органлари олдида турган устувор вазифалар тўғрисида тўхталиб ўтди.

Прокуратура органлари ходимлари ислоҳотларни самарали амалга оширишда ўзларининг бор салоҳияти, билим ва тажрибасини сафарбар этиши зарурлиги таъкидланди. Қабул қилинаётган қонун, фармон ва қарорларнинг амалий ижросини сўзсиз таъминлаш прокуратуранинг энг муҳим ва долзарб вазифасига айланмоғи лозимлиги айтилди.

Йиғилиш иштирокчиларининг эътибори фаровон ҳаёт асоси бўлган тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, хорижий инвесторларнинг мамлакатимизда эркин фаолият юритиши учун шароитлар яратиш прокуратура органлари томонидан кафолатланиши зарурлигига қаратилди.

Прокурорларнинг секторлар раҳбари сифатидаги фаолиятида энг муҳим вазифаларидан бири одамлар ҳаётида ижобий ўзгаришларга эришиш мақсадида ҳудудларни ривожлантиришга кўмаклашишдир.

Давлат бошқарувини халқимиз манфаатларидан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш прокуратура органларининг жамиятда қонун устуворлигини таъминлашдаги ролини кучайтиришни тақозо этмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев йиғилишни якунлар экан, прокуратура ходимлари юқори касбий малака ва юксак инсоний фазилатлари билан давлат органлари хизматчиларига ўрнак бўлиши, ҳамиша адолат ва қонунийлик ҳимоясида туриши лозимлигини алоҳида таъкидлади.

Йиғилишда ташкилий масала кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига мувофиқ Президентнинг Давлат маслаҳатчиси лавозимида ишлаб келаётган Отабек Муродов Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори этиб тайинланди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Бош прокуратуранинг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди