2023 йил 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистон қонунчилигида рўй берадиган айрим ўзгаришларни эслатиб ўтамиз.
Тошкент шаҳрида жамоат транспортидан фойдаланиш тарифлари ўзгаради
Президент қарорига мувофиқ жамоат транспортидан фойдаланишда йўловчилар учун қулай тарифларни жорий этиш ҳамда электрон тўловларни оммалаштириш мақсадида 2023 йил 1 апрелдан бошлаб Тошкент шаҳрида қуйидагича тартиб жорий этилади:
- бир соат ичида бир йўналишли йўловчи транспортидан бошқасига ўтиш сонидан келиб чиққан ҳолда имтиёзли ва бепул тарифлар қўлланади;
- йўналишли йўловчи транспортидан фойдаланишда, унинг туридан қатъи назар, кунлик, бир, уч ва олти ойлик, йиллик чекланган ва чекланмаган тариф режалари жорий этилади;
- йўналишларда йўлкира ҳақини тўлашда электрон тўлов тизимидан фойдаланишни рағбатлантирувчи тарифлар белгиланади.
Тошкент ва Нукус шаҳарларида ҳамда вилоятлар ва туманлар марказларида транспорт воситалари ҳаракат тезлиги соатига 60 километргача туширилади
Президент фармонига асосан Тошкент ва Нукус шаҳарларида ҳамда вилоятлар ва туманларнинг марказларида транспорт воситалари ҳаракатланишининг энг юқори тезлиги соатига 70 километрдан 60 километргача туширилади.
25 йилдан ошиқ педагогик стажга эга бўлган педагоглар мажбурий аттестацияга жалб этилмайди
Ҳукумат қарорига асосан қуйидаги педагоглар мажбурий аттестацияга жалб этилмайди:
- педагогик фаолият бўйича 25 йил ва ундан кўп иш стажига эга бўлган педагог ходимлар;
- ёшга доир пенсияга чиқиши учун 5 йилдан кўп бўлмаган муддат қолган педагог ходимлар.
Пенсия ва нафақалар ошади
Президент фармони билан 1 апрелдан бошлаб пенсия ва нафақалар миқдори 7% га оширилади.
Пенсия олувчилар метродан бепул фойдаланади
Президент қарори билан Тошкент метрополитенининг тўлиқ фаолият кўрсатиши вақти давомида пенсия олувчиларга бепул хизмат кўрсатилади.
Бунда, Тошкент метрополитенининг мазкур бандда кўрсатилган хизматларни кўрсатиш эвазига олинмай қолган даромадлари Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб борилади.
Ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзоларига бирйўла бериладиган нафақа миқдори ҳарбий хизматчи маошининг 150 баравари миқдорида белгиланади
Президент фармонига асосан 2023 йил 1 апрелдан бошлаб:
- ҳалок бўлган ҳарбий хизматчи (ходим) оила аъзоларига бирйўла бериладиган нафақа марҳумнинг охирги эгаллаган лавозими бўйича маоши ва ҳарбий (махсус) унвони маоши йиғиндисининг 150 баравари миқдорида белгилансин;
- ҳарбий хизматчиларнинг (ходимларнинг) давлат мажбурий шахсий суғуртаси доирасида ҳарбий хизматчи (ходим) ҳалок бўлганда тўланадиган суғурта суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари миқдорида белгилансин;
- Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларига улар томонидан белгиланган миқдорларда (меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 50 фоизигача бўлган суммадан ошмаган ҳолда) маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари ҳисобидан ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг (ходимларнинг) тегишли ҳудудда истиқомат қилувчи оила аъзоларига ҳар ой тўланадиган нафақа тайинлаш тартибини белгилаш ҳуқуқи берилади.
Янги мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини кўп квартирали уйларнинг нотурар қаватларида йўлга қўйишга рухсат этилади
Президент фармонига асосан мактабгача таълим қамровини кенгайтириш мақсадида:
- янги мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини кўп квартирали уйларнинг нотурар қаватларида ёки якка тартибда қурилган уй-жойларни сотиб олиш ва кейинчалик уларни таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш орқали ташкил қилишга рухсат этилади;
- давлат-хусусий шериклик лойиҳаси доирасида ижарага берилган ер участкасида нодавлат мактабгача таълим ташкилоти биносини қурган хусусий шерик томонидан ушбу бинонинг мазкур лойиҳа учун банк кредитлари бўйича гаровга қўйилишига оид чекловлар бекор қилинади.
Лицей, техникум педагогларининг базавий тариф ставкалари мактаб ўқитувчилариникига тенглаштирилади
Президент фармонига кўра:
- профессионал таълим муассасаси педагогларининг базавий тариф ставкалари мос равишда умумий ўрта таълим муассасаси педагогларининг базавий тариф ставкаларига;
- профессионал таълим муассасаси биринчи ва иккинчи малака тоифасига эга бўлган, малака тоифасига эга бўлмаган олий маълумотли ҳамда олий маълумотга эга бўлмаган ишлаб чиқариш таълими усталарининг базавий тариф ставкалари тегишинча умумий ўрта таълим муассасаси биринчи ва иккинчи малака тоифали ўқитувчиси, олий маълумотли ўқитувчиси ҳамда ўрта махсус маълумотли ўқитувчисининг базавий тариф ставкаларига тенглаштирилади.
Ногиронлик белгилари аниқ кўриниб турган шахсларнинг ногиронлиги идоралараро электрон маълумотлар алмашинуви асосида фуқароларнинг иштирокисиз белгиланади
Ногиронлик идоралараро электрон маълумотлар алмашинуви асосида ногиронлик белгилари аниқ кўриниб турган, анатомик нуқсонлари бўлган, шунингдек, нохуш клиник прогнозга эга касалликлар ва асоратларда фуқароларнинг иштирокисиз белгиланади.
Юридик шахслар қайта ташкил этилганда, корхоналарнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари қайта ташкил этилган юридик шахсга ўтган ҳисобланади
Президент қарорига асосан хўжалик жамиятларининг иштирокчиси (акциядори) ва кредиторлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида қуйидагича тартиб ўрнатилади:
- масъулияти чекланган жамият устав фондига (устав капиталига) қўшиладиган, қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн минг бараваридан кўп бўлган пулсиз ҳиссалар баҳоловчи ташкилот томонидан баҳоланади ва баҳоланган қийматдан юқори бўлиши мумкин эмас;
- юридик шахслар қўшиб юбориш, қўшиб олиш ва ташкилий-ҳуқуқий шаклини ўзгартириш орқали қайта ташкил этилганда, корхоналарнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, топшириш ҳужжатида кўрсатилган ёки кўрсатилмаганлигидан қатъи назар, қайта ташкил этилган юридик шахсга ўтган ҳисобланади;
- хўжалик жамиятлари кузатув кенгашининг акция, корпоратив облигация ва бошқа қимматли қоғозларни чиқариш бўйича қарорлари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ муҳим факт сифатида ошкор қилинади.
Даромади 10 миллиард сўмдан кам бўлмаган тадбиркорлик субъектлари учун давлат харидларида 20 фоизлик квота жорий этилади
Президент фармонига асосан жами даромади 10 миллиард сўмдан кам бўлмаган тадбиркорлик субъектлари учун давлат харидларида 20 фоизлик квота жорий этилади ва ушбу харидлар доирасида бюджет буюртмачилари билан тузиладиган шартномаларда 50 фоиз миқдорида олдиндан тўловни амалга ошириш назарда тутилади.
Умумий қуввати 100 кВтгача бўлган қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатган жисмоний ва юридик шахсларга солиқ имтиёзлари берилади
Президент қарорига биноан 2023 йил 1 апрелдан бошлаб умумий қуввати 100 кВтгача бўлган қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатган жисмоний ва юридик шахслар ушбу қурилмалар бўйича мол-мулк солиғи, қурилмалар билан банд бўлган участкалар бўйича ер солиғи ҳамда юридик шахслар томонидан умумий тармоққа сотган электр энергияси учун олган фойдасидан ҳисобланадиган фойда солиғини тўлашдан улар фойдаланишга топширилган пайтдан эътиборан уч йил муддатга, ўрнатилаётган қуёш панелларининг қувватига нисбатан 25 фоиздан кам бўлмаган қувватга эга электр энергиясини сақлаш тизими билан ўрнатилган бўлса — ўн йил муддатга озод этилади.
Пахта ва ғалла етиштиришга ихтисослашган фермер хўжаликларига уларнинг ишчилари томонидан тўланган даромад солиғини қайтариб бериш тартиби жорий этилади
Президент қарорига асосан 2023 йил 1 апрелдан 2024 йил 1 майга қадар эксперимент тариқасида республика бюджетидан пахта ва (ёки) ғалла етиштиришга ихтисослашган фермер хўжаликларига уларнинг ишчиларининг меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлари бўйича тўланган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини қайтариб бериш тартиби жорий этилади.
Муаллифлик ҳуқуқи объектларининг электрон назорат нусхалари ягона базада сақлаб борилади
Президент фармонига асосан муаллифлик ҳуқуқи объектларининг электрон назорат нусхалари мажбурий тартибда муаллифлик ҳуқуқи объектларининг ягона базасида сақланади.
«Интеллектуал мулк маркази» давлат муассасаси Ягона базани юритиш, техник таъминлаш ҳамда муаллифлик ҳуқуқи объектларининг электрон назорат нусхаларини Ягона базага киритиш жараёнини мувофиқлаштириш бўйича масъул — оператор этиб белгиланади.
Шунингдек, 1 апрелдан бошлаб муаллифлик ҳуқуқи объектларининг электрон назорат нусхаларини ягона базада сақлаш тартиби тўғрисидаги низом кучга киради.
Сув омборлари тўғонларида сейсмик хавфни олдиндан прогноз қилиш ва баҳолаш амалиёти жорий қилинади
Президент фармонига асосан сув омборлари тўғонларида сейсмик хавфни олдиндан прогноз қилиш ва баҳолаш амалиётини жорий қилиш мақсадида:
- космик мониторинг доирасида симуляцион дастур орқали зилзила туфайли тўғон ўпирилиши оқибатида сув босиши мумкин бўлган республика ҳудудларининг визуал 3D моделларини ишлаб чиқиш амалиёти йўлга қўйилади;
- сув омборлари тўғонлари ўпирилиши оқибатида қутқарув ишларини ташкиллаштиришида тегишли вазирлик ва идораларни зарур космик суратлар ҳамда ишлов берилган маълумотлар билан таъминлаш тизими жорий этилади.
Паррандачилик билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига субсидиялар беришда «my.vetgov.uz» сайтида рўйхатдан ўтиш талаб этилади
Президент қарорига асосан паррандачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, субсидиялар ажратиш ва бошқа имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқи фақатгина «my.vetgov.uz» сайтида рўйхатдан ўтган ҳамда белгиланган тартибдаги мезонларга мос келувчи паррандачилик хўжаликларига берилади.
“Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг