06:35 / 29.02.2024
252

Ўзбекистон аҳолисининг неча фоизи тамаки чекиши маълум қилинди

Ўзбекистон аҳолисининг неча фоизи тамаки чекиши маълум қилинди
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, дунёда 1,3 миллиардга яқин одам мунтазам равишда чекади ёки бошқа шаклларда тамаки истеъмол қилади. Бу ҳақда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Эркакларнинг тахминан 47 фоизи ва аёлларнинг тахминан 12 фоизи чекади. Чекишни эрта бошлаш ва 20 йилдан ортиқ вақт давомида мунтазам чекиш умр кўриш давомийлигини 20-25 йилга қисқартиради. Ўзбекистон аҳолисининг (18-69 ёшдаги) 16,5 фоизи, шу жумладан, эркакларнинг 32,9 фоизи, аёлларнинг 0,8 фоизи тамаки чекади. Шунингдек, аҳолининг 9,9 фоизи - эркакларнинг 20 фоизи, аёлларнинг 0,4 фоизи тутунсиз тамаки чекади. Тутунсиз тамаки чекувчиларнинг 89 фоизи носвой чекади.

Дастлабки ҳисоб-китобларга қараганда, 13-15 ёшдаги мактаб ўқувчиларининг 1,7 фоизи – ўғил болаларнинг 2,3 фоизи, қизларнинг 0,9 фоизи тамаки чекади. Бунда ўсмирларнинг 7,7 фоизи – 10 фоиз ўғил болалар, 5,2 фоиз қизлар ҳаётида бир марта бўлса ҳам чекиб кўрган.

Статистикага қараганда, 13-15 ёшдаги мактаб ўқувчиларининг 7,0 фоизи (ҳар 15 нафардан 1 нафари) уйда ва 16 фоизи (ҳар 6 нафардан 1 нафари) ёпиқ жамоат жойларида тамаки тутуни таъсирида бўлади.

Тамаки, нос ва снюс сингари зарарли одатлар организми ўсиб бораётган ёшларга янада ёмонроқ таъсир қилади. Бу ҳақда соғлиқни сақлаш соҳаси мутахассислари қатъий огоҳлантирмоқда. Ўсмир ёшдагиларга тамаки ва унинг бошқа шакллари токсик таъсир қилиб, салбий оқибатларга олиб келади. Жумладан:
  • нафас олиш йўллари – томоқ-бурун, ҳалқум, трахея, бронхлар, ўпкага салбий таъсир кўрсатади;
  • ўпкаларда йилига 1 кг гача қатрон йиғилади. Қатронлар кансероген модда бўлиб, ўпка саратонини ривожлантиради. Чекувчиларда сурункали бронхит, бронхоэктаз ва ўпка эмфиземаси ривожланади, бу эса нафас етишмовчилигига олиб келади;
  • кўриш ва хотира ёмонлашади, мушакларнинг кучи камаяди;
  • юракнинг муддатидан олдин қариши ортади, нерв ҳужайралари ўлади;
  • тери қурийди, ҳуснбузарлар тошиб кетади;
  • тана ўсишдан тўхтайди, эшитиш пасаяди, уйқу бузилади;
  • жинсий ожизлик, фарзанд кўриш тизимида муаммолар (эрта бепуштлик), гормонал бузилишлар пайдо бўлади;
  • атеросклероз, юрак миокарди инфаркти, инсульт, гастрит ва ошқозон-ичак яралари билан касалланишлар кузатилади.

Булар сигарет, носвой ва снюс каби ўта зарарли одатларнинг замонавий тиббиёт томонидан ҳозиргача исботланган оқибатлари. Ҳали бизга маълум бўлмаган зарарлари ҳам борлигига шубҳа йўқ”, – дейилади хабарда.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистон аҳолисининг неча фоизи тамаки чекиши маълум қилинди