13:05 / 13.03.2024
111

Коррупцияни олдини олиш чораларини кўрмаган мансабдорлар жавобгарликка тортилиши кутилмоқда

Коррупцияни олдини олиш чораларини кўрмаган мансабдорлар жавобгарликка тортилиши кутилмоқда
Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган Миллий стратегия ишлаб чиқилди.

“Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш ва коррупциянинг олдини олишда таъсирчан механизмларни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги президент қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Қарор билан коррупцияга қарши курашиш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган Миллий стратегияни тасдиқлаш кўзда тутилмоқда.

Миллий стратегиянинг асосий йўналишлари:
  • давлат бошқаруви, давлат хизмати ва давлат харидларини амалга ошириш соҳасида коррупциянинг олдини олиш;
  • ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва тадбиркорлик соҳасида коррупциянинг олдини олиш;
  • коррупцияга қарши курашишнинг институционал асосларини такомиллаштириш;
  • суд-ҳуқуқ тизимида коррупциянинг олдини олиш;
  • аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш;
  • коррупцияга қарши кураш соҳасида халқаро ҳамкорликни кучайтириш.

Миллий стратегиянинг асосий мақсади — Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш бўйича олиб борилаётган давлат сиёсатини амалга оширишнинг асосий вазифалари ва йўналишларини белгилашдан иборат.

Миллий стратегияни 2024—2025 йилларда амалга ошириш бўйича йўл харитасида 7 та йўналишда коррупцияга қарши курашиш механизмларини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар белгиланмоқда.

Жумладан,
  • коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларида белгиланган коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни кўрмаганлик учун мансабдорларга нисбатан маъмурий жавобгарлик белгилаш;
  • ҳар йили камида 2 та соҳада коррупция хавф-хатарларини аниқлаш, коррупцияга имкон бераётган шарт-шароитларни бартараф этишга қаратилган тадқиқотлар ўтказиш;
  • коррупциявий жиноятлар статистикасини юритишга мўлжалланган дастурий таъминот яратиш;
  • коррупция хавфларини ички ва ташқи таҳлил қилиш тизимини жорий этиш;
  • давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда хусусий сектор тизимида миллий ҳалоллик стандарти (public integrity) институтини жорий этиш;
  • давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, шу жумладан очиқ эълон қилиниши лозим бўлган маълумотлар рўйхатини янада кенгайтириш.

Ушбу қарор лойиҳаси бўйича жамоатчилик муҳокамаси 27 мартгача давом этади.

Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш бўйича 2030 йилга қадар мўлжалланган миллий стратегия ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилиши ҳақида Шавкат Мирзиёев 2023 йилнинг декабрида Коррупцияга қарши курашиш соҳасида юксак халқаро мукофотни топшириш маросимидаги нутқида айтиб ўтганди.

Таҳлилларга кўра, ҳозирда коррупциянинг дунё миқёсидаги зарари 3 триллион АҚШ долларига яқин миқдорни ташкил қилмоқда. Аммо давлат раҳбари энг ёмони жамият кўрадиган маънавий зарар эканини таъкидлаганди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Коррупцияни олдини олиш чораларини кўрмаган мансабдорлар жавобгарликка тортилиши кутилмоқда