
Фото: Президент матбуот хизмати
Президент Шавкат Мирзиёев 3 июн куни туризм соҳасидаги тадбиркорлар билан мулоқот қилди.
Мулоқотда тадбиркорлар томонидан, жумладан, қуйидаги масалалар кўтарилди, таклиф ва ташаббуслар билдирилди:
- туризм хизматлари кўрсатувчиларни молиявий қўллаб-қувватлаш ва иқтисодий имкониятларини кенгайтириш;
- туроператорларни маданий мерос объектлари ва темир йўл чипталари нархларидаги ўзгаришлар тўғрисида олдиндан хабардор қилиш;
- меҳмонхона бошқарувчиларини тайёрлаш ва меҳмонхона қуришга субсидиялар доирасини кенгайтириш;
- пенсия ёшидаги туристларга алоҳида виза тартибини жорий этиш;
- тарихий шахсларнинг уй-музейларини реставрация қилиш ва бошқалар.

Давлат раҳбари билдирилган фикр ва таклифлардан келиб чиқиб, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларига қуйидагилар юзасидан таклиф киритишни топширди:
- хорижий сайёҳларга хизмат кўрсатган туроператорларга қўшилган қиймат солиғини субсидия сифатида қайтариш муддатини узайтириш ва уни қўллаш тартибини аниқ белгилаш;
- туризм компанияларига айланма маблағ учун экспортолди молиялаштиришни йўлга қўйиш;
- туристларга мўлжалланган, янги ишлаб чиқарилган “Евро-5” ва ундан юқори экологик тоифа талабларига тўғри келадиган автобус ва микроавтобусларни божхона божи ва утилизация йиғимидан озод этиш муддатини узайтириш;
- сўнгги 3 йилда ташкил топган туркомпанияларга халқаро кўргазмалардаги павильон ижараси харажатини 50 фоизини қоплаб беришни йўлга қўйиш;
- халқаро фестивалларда қатнашадиган ҳунармандларга павильон, юклар ва авиачипта харажатининг 50 фоизини қоплаб бериш тизимини йўлга қўйиш.
Шунингдек, тадбиркорлар томонидан илгари сурилган:
- мактаб ва коллеж ўқувчилари автобусда бир вилоятдан бошқасига саёҳат қилишида йўл-патрул хизмати ҳамроҳлиги учун тарифларни кескин камайтириш;
- ҳар йили камида 20 та ўрта бўғин менежерларини хорижда қисқа муддатли малака оширишга юбориш, янги ўқув йилидан туризм соҳасидаги олийгоҳ ва техникумларда “дуал таълим”ни жорий қилиш;
- 3-4 қаватли меҳмонхоналарга ҳам субсидия бериш, меҳмонхонаси бўлмаган 22 та туманда кичик отеллар барпо этишга оилавий хоналар сонидан келиб чиқиб субсидия ажратиш;
- халқаро тажриба асосида миллий меҳмонхона брендларини яратиш ташаббусларини ўрганиб, тегишли чораларни ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Бундан ташқари, мулоқотда тадбиркорлар томонидан билдирилган:
- хорижий давлатлардан келадиган пенсия ёшидаги сайёҳларнинг Ўзбекистонда 6 ойгача визасиз бўлиши тартибини ишлаб чиқиш;
- камида 100 нафар хорижий иштирокчиси бўлган уч кунлик бизнес тадбирни ташкил қилганларга тадбирдан олинган даромад солиғини 50 фоизга камайтириш, ҚҚСнинг ярмини қайтариш тизимини жорий қилиш;
- Тошкентдаги Чорсу бозори ва Хивада миллий колоритга эга шарқ бозорини ташкил этиш;
- болалар оромгоҳларини хусусий шериклик асосида ривожлантириш каби фикрларни чуқур ўрганиб, уларнинг ечими бўйича аниқ таклифлар киритиш топширилди.
Шавкат Мирзиёев соҳани қўллаб-қувватлаш мақсадида туризмни ривожлантириш бўйича жамоатчилик кенгашини тузишни таклиф қилди. Бу ташаббус учрашувда иштирок этган туризм соҳаси вакиллари томонидан қўллаб-қувватланди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар