15:39 / 26.10.2016
9 641

Йил охирига қадар 512 км автомобиль йўллари қайта таъмирланади

Йил охирига қадар 512 км автомобиль йўллари қайта таъмирланади

Ўзбекистон Иқтисодиёт вазирлиги матбуот хизмати 2015–2019 йилларда муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизациялаш дастурининг ижроси юзасидан маълумотларни тақдим этди.

«Муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ҳисобига мамлакатимиз саноат салоҳияти самарадорлигини янада ошириш учун зарур шароитларни яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан 2015 йил 6 мартда 2313-сонли Президент қарори қабул қилинган. Унда 2015–2019 йилларда муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини янада ривожлантириш ва модернизация қилишнинг устувор йўналишлари белгилаб берилган», — дейилади манбада.

Мазкур қарор билан қабул қилинган муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизация қилиш дастури қуйидаги мақсад ва вазифаларни қамраб олган:

– истеъмолчиларга электр энергиясини ишончли тарзда ва мунтазам етказиб беришни таъминлашга йўналтирилган, энг аввало, қишлоқ жойларда электр таъминотининг паст кучланишли тақсимлаш тармоқлари ва объектларини тўла қамровда модернизациялаш;

– мамлакатнинг иқтисодиёт соҳалари ва тармоқларида илғор ахборот технологиялари ва коммуникация тизимларини, замонавий дастурий маҳсулотларни кенг жорий қилиш, фойдаланувчиларнинг интернет тармоғига уланишнинг техник имкониятларини ошириш, телефон алоқаси, телевидение ва радиоэшиттиришнинг рақамли тизимига тўлиқ ўтказиш;

– темир йўллари ва ҳаво йўллари транспортининг моддий-техник базасини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, йўловчилар ва юкларни ташиш бўйича кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш, республиканинг йирик шаҳарларини ўзаро туташтирувчи замонавий юқори тезланувчи электропоездлар ҳаракатини йўлга қўйиш, Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказларида аэропорт инфратузилмасини қуриш ва қайта таъмирлаш;

– Ўзбек миллий автомагистрали таркибига кирувчи автомобиль йўллари қисмларини қайта таъмирлаш орқали уларни юқори халқаро стандартлар талаблари даражасига етказиш;

– республика аҳоли пунктларини ичимлик суви таъминоти ва санитария тозалаш тизимларининг қамровини кенгайтириш ҳамда уларни модернизация қилиш, барча жойларда ичимлик сув сарфини ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган биллинг тизимини жорий қилиш.

Дастур доирасида 2015–2019 йилларда 150 та инвестиция лойиҳалари бўйича 9,8 миллиард доллар миқдоридаги маблағ ўзлаштирилиши кўзда тутилган.

Дастурнинг амалга оширилиши натижасида:

– 5,5 мингдан зиёд трансформатор пунктлари ҳамда 25 минг километрдан ортиқ электр тармоғи линиялари қурилади ва қайта таъмирланади;

– миллий мобил алоқа оператори тармоғи яратилади, 12 минг километр оптик толали алоқа тармоғи қурилади, коммутация марказлари модернизация қилинади, рақамли телевидение тармоғини кенгайтириш орқали республиканинг энг чекка ҳудудларида жойлашган аҳоли пунктлари қамраб олинади;

– 885 километрлик темир йўллар электрлаштирилади (Самарқанд-Бухоро, Мароқанд-Қарши, Қўқон-Андижон участкалари), иккита юқори тезликда ҳаракатланувчи Talgo-250 русумидаги поезд харид қилинади;

– «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси парки тубдан янгиланиб, иккита «Ми-8 МТВ-1» русумли вертолёт ҳамда иккита Boeing-787-800 русумли самолёт олиб келинади, Тошкент шаҳри аэропортида «Тошкент-4» янги йўловчи терминали қурилади, Термиз ва Нукус шаҳарлари аэропорти бинолари қайта таъмирланади;

– Андижондан Қўнғиротгача, Самарқанддан Термизгача, Қаршидан Шаҳрисабзгача бўлган йўналишларда жами 2700 километр автомобиль йўллари қурилади ва қайта қурилади;

– 8600 километр ичимлик сув тармоқлари ва 358 километр санитария тозалаш (канализация) тармоқлари қайта қурилади ва модернизация қилинади.

Бугунги кунга келиб ушбу Дастур доирасида қуйидаги ишлар амалга оширилди:

– Мароқанд-Қарши ва Самарқанд-Бухоро темир йўл участкалари электрлаштирилиб, мазкур йўналишларда юқори тезликда ҳаракатланувчи электр поезд қатнови йўлга қўйилди;

– «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси учун битта «Ми-8 МТВ-1» русумидаги вертолёт ҳамда битта Boeing-787-800 русумидаги самолёт харид қилиниб, фойдаланишга топширилди;

– 376 километр автомобиль йўллари қайта таъмирланди.

Дастурда белгиланган лойиҳаларнинг бажарилиши бўйича жорий йилнинг охиригача қуйидаги ишлар амалга ошириш кутилмоқда:

302 трансформатор пункти ва 320 километрлик электр тармоғи қурилади; битта юқори тезликда ҳаракатланувчи Talgo-250 русумидаги поезд харид қилинади; «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси учун иккинчи Boeing-787-800 русумидаги самолёт келтирилади.

Бундан ташқари, 512 километрлик автомобиль йўллари қайтадан таъмирланади, А-380 автомобиль йўлининг Бухоро-Тўрткул йўналишида 125 километр, М-39 трактининг Ғузор-Термиз йўналишида 50 километр, М-37 трактининг Самарқанд-Навоий йўналишида 16,7 километр масофадаги йўллар қурилиши якунланади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Йил охирига қадар 512 км автомобиль йўллари қайта таъмирланади