07:59 / 18.02.2025
172

Шавкат Мирзиёев Кувайтнинг етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашди

Шавкат Мирзиёев Кувайтнинг етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашди
Шавкат Мирзиёев расмий ташриф билан Кувайтда бўлиб турибди. Ташриф доирасида Ўзбекистон президенти ушбу мамлакатнинг етакчи компаниялари ва банк-молия тузилмалари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди.

Хусусан, ташрифнинг ишбилармонлик дастури доирасида Шавкат Мирзиёев Fouad Alghanim & Sons компанияси раҳбари Фади Хаддадни қабул қилди.

1965 йилда ташкил этилган холдинг автомобилсозлик, қурилиш, энергетика, нефт-газ, савдо, кема қурилиши, авиация, телекоммуникация, туризм ва кўчмас мулк соҳаларида фаолият юритмоқда.

Fouad Alghanim & Sons компаниясининг давлат-хусусий шериклик шартлари асосида соғлиқни сақлаш ва таълим объектларини қуриш режалари қўллаб-қувватланди.

Agility Logistics компанияси раиси Хенади ал-Солиҳ билан ўтказилган учрашувда эса Кўрфаз мамлакатларига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини самарали етказиб бериш учун Ўзбекистонда қўшма логистика марказини ташкил этиш бўйича истиқболли лойиҳага алоҳида эътибор қаратилди.

1979 йилда ташкил этилган трансмиллий логистика компанияси бу соҳада дунёнинг энг йирик корхоналаридан бўлиб, 70 дан ортиқ мамлакатда фаолият юритмоқда. Авиация хизматлари, саноат омборлари, логистика парклари, хизматларни рақамлаштириш каби йўналишларда иш олиб бормоқда.

Шунингдек, расмий ташриф доирасида Ўзбекистон президенти Action Group Holdings компанияси раҳбари Шайх Муборак ас-Сабоҳни қабул қилди. Давлат раҳбари Action Group Holdings компаниясининг Ўзбекистонда гидроэлектр станциялари ва ижтимоий уй-жойлар қуриш, минерал ресурсларни қайта ишлаш бўйича режаларини маъқуллади.

Kamco Invest компанияси раҳбари Абдуллоҳ ал-Шарих билан учрашувда эса хусусий компанияларнинг корпоратив фаолияти самарадорлигини ошириш лойиҳасини амалга ошириш ҳамда Қўшма инвестиция платформасии яратиш бўйича келишувга эришилди.

1998 йилда ташкил этилган Kamco Invest молиявий компанияси активларни бошқариш, инвестицион банкинг ва брокерлик соҳасида хизматлар кўрсатади. БАА, Саудия Арабистони, Иордания ва Буюк Британияда ваколатхоналари мавжуд.

Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев Al Imtiaz Investment Group компанияси бошқаруви аъзоси ва ижрочи директори Фузи Холид бин Эсса билан учрашди. Кувайт компаниясининг озиқ-овқат етиштириш, фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш, шунингдек, кўчмас мулк объектларини қуриш бўйича ташаббуси қўллаб-қувватланди.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев ўзига ажратилган қароргоҳда Kuwait Investment Company компанияси бош ижрочи директори Фавоз ал-Аҳмадни қабул қилди. Учрашувда таълим, инфратузилма, агросаноат, сунъий интеллект технологияларини жорий қилиш соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш қўллаб-қувватланди.

Gulf Care General Trading компанияси раҳбари доктор Ияд ас-Солиҳ билан учрашувда эса ушбу компаниянинг Ўзбекистон ҳудудларида тиббий хизмат кўрсатиш ва фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш борасидаги режалари қўллаб-қувватланди.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон