22:12 / 26.03.2025
283

Тошкентдан Самарқандгача қатнов вақти 2,5 соатгача қисқаради

Тошкентдан Самарқандгача қатнов вақти 2,5 соатгача қисқаради
Давлат раҳбарига автомобил йўллари қуриш лойиҳаларининг бориши тўғрисида ахборот берилди.

Мамлакатимизда жами 184 минг километрдан зиёд автомобил йўли бор. Таҳлилларга кўра, халқаро аҳамиятга эга йўлларимизнинг 25 фоизи катта юкламада ишлаяпти. Масалан, кунига 32 минг автомобилга мўлжалланган “Тошкент – Самарқанд” йўлида 45 мингта транспорт қатнаяпти. Тирбандлик сабабли баъзан бунга 6 соатгача вақт кетаяпти. 2030 йилга бориб ҳаракат жадаллиги 80 мингдан ошиши мумкин.

Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 10 октябрдаги қарорида замонавий автомобил йўлларини ташкил этиш истиқболлари белгиланган эди. Бундан кўзланган асосий мақсад, биринчи навбатда, аҳолига қулайликлар яратиш, миллий иқтисодиётда логистика занжирларини мустаҳкамлашдир.

Мазкур қарорга мувофиқ, Тошкентдан Самарқандга ва Андижонга элтувчи муқобил йўллар қуриш устида иш олиб борилмоқда. Жумладан, Жаҳон банки иштирокида “Тошкент – Андижон” йўли лойиҳалаштирилди. Январда уни қуриш бўйича халқаро тендер эълон қилинди. Қисқа вақтда унга 30 дан ортиқ нуфузли хорижий компаниялар қизиқиш билдирди.

Умумий узунлиги 314 километр бўлган бу тезюрар магистрал фойдаланишга топширилиши натижасида Тошкент билан Андижон орасидаги қатнов вақти 5 соатдан 3 соатгача қисқаради. Шунингдек, бу ялпи ички маҳсулотни 2,6 фоизга ошириб, автоҳалокатларни 40 фоизга камайтириш имконини беради.

Яна бир лойиҳа Тошкент билан Самарқандни боғловчи қўшимча йўл қуришга қаратилган. Хорижий мутахассислар иштирокида унинг техник-иқтисодий асослари ишлаб чиқилган. Бу янги йўлнинг узунлиги 300 километр атрофида бўлади. Унинг натижасида Тошкент билан Самарқанд ўртасида қатнов вақти 4,5 соатдан 2,5 соатгача қисқаради. Ҳозирги мавжуд йўлда тирбандлик анча камаяди.

Умуман, бу янги йўллар барча замонавий талабларга жавоб берадиган, муқобил ва қулай бўлади. Уларда ҳайдовчи ва йўловчилар учун турли пуллик хизматлар йўлга қўйилади. Бунёдкорлик жараёнида маҳаллий қурилиш корхоналари ҳам қатнашиши мумкин бўлади.

Транспорт вазири мазкур лойиҳалар ҳолати бўйича тақдимот қилди. Геодезия ишларини жадаллаштириб, йўллар ҳудудини тайёрлаш, қурилишга маблағ ва пудратчиларни жалб қилиш масалалари кўриб чиқилди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон