date
views 56

Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси қайта ташкил этилади

Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси қайта ташкил этилади
«Истиқболли кадрларни мақсадли тайёрлаш ҳамда уларни давлат бошқаруви ва хизматига самарали жалб этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармони қабул қилинди.

Фармонга кўра, Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси Президент ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси этиб қайта ташкил этилади.

Академиянинг асосий вазифаларидан бири этиб давлат хизматчиларининг малакасини мунтазам ошириб бориш ва қайта тайёрлаш, шунингдек, бошқарув кадрларини магистратура ва олий таълимдан кейинги таълим босқичларида ўқитиш белгиланди.

Шунингдек, Президент ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясининг Васийлик кенгаши тузилади.

2025 йил 1 июлдан давлат органлари ва ташкилотлари томонидан давлат хизматчиларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш ходимларнинг касбий ривожланиш эҳтиёжларига асосланган ҳолда ташкил этилади ҳамда малака оширишнинг анъанавий, муқобил ва мустақил шакллари жорий этилади.

Фармонга кўра, 2025 йил 1 октябрдан Академияда давлат хизматидаги раҳбарлар, раҳбарликка номзодлар ва бошқарув кадрлари малакасини ошириш бўйича қисқа муддатли курслар жорий этилади.

2026 йил 1 январдан Академияда муддати 6 ойгача бўлган қайта тайёрлаш таълим дастурлари жорий этилади.

2025/2026 ўқув йилидан «Ҳудудларни комплекс ривожлантириш», «Давлат бошқаруви», «Инсон ресурсларини ривожлантириш» магистратура мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрланади.

2026/2027 ўқув йилидан:

- «Давлат сиёсати» (Public Policy) ва «Давлат молиясини бошқариш» (Public Finance Management) магистратура мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрланади;

- юқори малакали ва замонавий билимларга эга бошқарув кадрлари захирасини шакллантириб бориш мақсадида амалиётчи бошқарувчилар учун махсус дастурлар (Executive MPA ва Executive MBA) жорий этилади;

- магистратура дастурлари хориждаги нуфузли олий таълим ташкилотлари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари ва модуллар бўйича ташкил этилади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси қайта ташкил этилади