date
views 89

Ўзбекистон тинчлик рейтингида 60-ўринни эгаллади

Ўзбекистон тинчлик рейтингида 60-ўринни эгаллади
Иқтисодиёт ва тинчлик институти (Institute for Economics and Peace) томонидан ҳар йили тузиладиган Global Peace Index – 2025 йилги халқаро рейтинг эълон қилинди. Ушбу таҳлилда 163 давлат тинчлик ва хавфсизлик даражаси бўйича баҳоланди ва Ўзбекистон 1,96 балл билан 60-ўринни эгаллаб, рейтингнинг кучли ярмига кирди.

Бу глобал индексда мамлакатлар 23 та сифат ва миқдорий кўрсаткичлар асосида баҳоланади. Улар орасида жиноятчилик даражаси, ички ва ташқи можаролар, сиёсий барқарорлик, қуролланиш кўлами, мудофаа харажатлари ва ҳуқуқ-тартибот тизимининг самарадорлиги каби омиллар мавжуд.

Рейтинг шкаласи 1 дан 5 гача бўлиб, паст балл кўрсатган мамлакат тинч ва барқарор деб баҳоланади. Ўзбекистоннинг 1,96 баллик кўрсаткичи мамлакатдаги хавфсизлик муҳити, ички барқарорлик ва жиноятчилик даражасининг нисбатан пастлигини акс эттиради.

Марказий Осиё давлатлари орасида қайси ўринда турибмиз?

Марказий Осиё минтақаси доирасида Ўзбекистон иккинчи ўринни эгаллади. Қозоғистон 59-ўрин билан минтақадаги энг яхши натижани кўрсатди. Қолган давлатлар эса қуйидагича жойлашди:

- Тожикистон — 72-ўрин
- Қирғизистон — 78-ўрин
- Туркманистон — 83-ўрин

Бу кўрсаткичлар минтақадаги тинчлик ва барқарорлик тенденцияларини баҳолашда муҳим асос бўла олади. Ҳар бир давлатнинг ижтимоий-сиёсий муҳити ва хавфсизлик сиёсати ушбу натижаларда ўз аксини топган.

Постсовет ҳудудида сўнгги ўзгаришлар

Рейтингда Арманистон, Озарбайжон ва Грузия каби мамлакатларда пасайиш кузатилди. Хусусан:

- Арманистон — 66-дан 77-ўринга
- Озарбойжон — 95-дан 106-ўринга
- Грузия — 94-дан 100-ўринга

Россия ва Украина эса қуролли можаролар туфайли рейтингнинг энг қуйи қаторида жойлашди. Россия 156-ўринда, Украина эса 159-ўринда қайд этилди.

Дунёдаги энг хавфсиз мамлакатлар

2025 йилги GPI рейтингининг кучли бешлиги қуйидагича шаклланган:

1. Исландия
2. Ирландия
3. Австрия
4. Янги Зеландия
5. Сингапур

Ушбу давлатлар хавфсизликнинг юқори даражаси, жиноятчиликнинг пастлиги, самарали давлат бошқаруви ва ташқи сиёсий барқарорлик билан ажралиб туради.

Глобал тинчлик даражасида пасайиш қайд этилди

Ҳисобот муаллифларининг таъкидлашича, 2024 йил давомида жаҳон бўйлаб тинчликнинг умумий ҳолати 0,56% га ёмонлашган. 97 та давлатда ҳарбий технологияларнинг ривожи, сиёсий ва иқтисодий инқирозлар, ички можаролар ҳамда геосиёсий зиддиятлар кучайган.

Хулоса ўрнида

Ўзбекистоннинг 60-ўриндан жой олиши – бу сўнгги йиллардаги ислоҳотлар, ҳуқуқ-тартибот соҳасидаги мустаҳкам қадамлар ва хавфсизлик стратегияларининг самараси десак, муболаға бўлмайди.

Бу натижа нафақат мамлакатимиздаги тинч ва барқарор муҳитни, балки халқаро майдондаги имижимизнинг ҳам мусбат томонга ўзгариб бораётганини англатади.

Тинчлик – тараққиёт пойдевори. Демак, Ўзбекистон тинчлик рейтингида юқори поғона сари дадил одим ташламоқда!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистон тинчлик рейтингида 60-ўринни эгаллади