
«Ўзгидромет» метеорология маркази Ўзбекистон аҳолисига янги иш ҳафтаси учун муҳим об-ҳаво прогнозини эълон қилди. Келгуси кунларда бутун республика ҳудудида ёғингарчилик кузатилмаслиги, лекин ҳаво ҳарорати кескин кўтарилиши ҳақида огоҳлантирмоқда.
Ҳафта бошида мамлакатнинг аксарият ҳудудларида қуёшли ва бироз булутли ҳаво кузатилади. Бундан ташқари, дам олиш кунлари баъзи ҳудудларда кучли шамол кузатилиши мумкин.
Хусусан, душанба куни Ўзбекистоннинг катта қисмида кундузи ҳаво ҳарорати +30...+35 даража атрофида бўлиб туради. Аммо мамлакатнинг жанубий ҳудудлари ва чўл зоналарида ҳарорат бу кўрсаткичлардан бир неча даража юқори — +38 даражагача етиши мумкин. Ҳафта ўртасига бориб, жаҳоннинг энг иссиқ мамлакатлари билан рақобатлаша оладиган ҳарорат кузатилиши кутилмоқда: аксарият ҳудудларда ҳаво +36...+39 даражагача, жанубий ҳудудларда эса ҳатто +42 даражагача бўлиши тахмин қилинмоқда.
Ўзбекистон шимолида ҳам иссиқ кунлар бўлиб ўтади. Душанба ва сешанба кунлари бу ҳудудларда ҳаво ҳарорати +38...+40 даражага етиши мумкин. Чоршанба кунидан эса ҳарорат аста-секин пасайишни бошлаб, шимолда +32...+37 даража атрофида қарор топади.
Об-ҳаво мутахассислари 3 ва 4 июнь кунлари Ўзбекистоннинг шимолий ва чўл ҳудудларида шамол тезлиги соатига 15–20 метргача кучайиб, баъзи жойларда чанг-тўзон бўрони кузатилиши мумкинлигини таъкидламоқда. Бундай ҳолат 5 июнь куни мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам кузатилиши эҳтимоли бор.
Тошкент шаҳрида ҳафта давомида асосан кам булутли ва қуёшли об-ҳаво ҳукмронлик қилади. Ёғингарчилик эҳтимоли минимал даражада бўлади. Пойтахтда шарқ томондан эсадиган шамолнинг тезлиги соатига 3–8 метрни ташкил этади.
Пойтахтдаги ҳарорат кўрсаткичлари эса душанба куни +30...+32 даража бўлиб, кейинги кунларда босқичма-босқич кўтарилиб боради. Сешанба куни ҳаво +33...+35 даража, чоршанба ва пайшанба кунлари эса +35...+38 даражагача бўлиши кутилмоқда.
Мутахассислар аҳолини юқори ҳароратда соғлиқни сақлаш чораларини кўришга, қуёшдан ҳимояланиш воситаларини қўллашга ва иложи бўлса, узоқ муддат қуёш остида қолмасликка чақирмоқда. Айниқса, кексалар, болалар ва сурункали касалликларга чалинган одамлар бу кунларда эҳтиёткор бўлиши зарурлиги таъкидланмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар