date
views 66

Ўзбекистон университетларига Британиядан профессор-ўқитувчилар жалб қилинади

Ўзбекистон университетларига Британиядан профессор-ўқитувчилар жалб қилинади
Жорий йилнинг навбатдаги йирик таълим тадбирларидан бири Лондон шаҳрида учинчи Ўзбекистон-Британия таълим форуми бўлди. Ушбу нуфузли анжуманда икки мамлакатнинг етакчи олий таълим муассасалари раҳбарлари, илмий-тадқиқотчилар, таълим соҳаси бўйича халқаро мутахассислар, Британия академик ҳамжамиятининг нуфузли вакиллари ҳамда университетлари раҳбарлари фаол иштирок этдилар.

Форумнинг асосий мақсади Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги олий таълим соҳасидаги алоқаларни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш учун янги имкониятларни муҳокама қилишдан иборат бўлди. Иштирокчилар икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг асосий йўналишларини белгилаб, келгусидаги устувор вазифаларни муҳокама қилдилар.

Форум давомида таълим тизимидаги инновацион амалиётларни қўллаш ва ривожлантириш, университетлар ва саноат корхоналари ўртасидаги амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, битирувчиларнинг меҳнат бозоридаги рақобатбардошлигини ошириш ва уларнинг бандлигини таъминлаш каби муҳим мавзулар атрофлича муҳокама қилинди.

Анжуман иштирокчилари таълим соҳасида барқарор ўзгаришларни амалга ошириш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш доирасида инклюзив олий таълим имкониятларини кенгайтириш борасида ҳам фикр алмашдилар. Шунингдек, ҳар икки томондан университетлар ўртасида қўшма таълим дастурлари ва халқаро конференциялар ташкил этиш зарурлиги таъкидланди.

Форум якунида икки мамлакатнинг олий таълим соҳасидаги ҳамкорлигини янада кучайтириш бўйича муҳим келишувларга эришилди. Хусусан, 50 нафардан ортиқ Британиянинг етакчи профессор-ўқитувчилари ва мутахассисларини Ўзбекистон университетларига жалб қилиш масаласида аниқ келишувларга эришилди. Шунингдек, Британия университетлари билан биргаликда халқаро илмий конференциялар ташкил этиш, янги ўқув-методик адабиётлар яратиш, қўшма дастурлар ҳамда ўзаро алмашинув тадбирларини йўлга қўйиш каби муҳим йўналишлар белгилаб олинди.

Бу эса Ўзбекистон таълим тизими учун янги босқич бўлиб, ёшларимизга халқаро даражадаги таълим олиш имкониятини яратади ҳамда мамлакатнинг иқтисодий ва ижтимоий соҳалардаги ривожланишига катта ҳисса қўшади. Ушбу форум икки мамлакат олий таълим соҳасидаги ҳамкорлигининг келгуси босқичларини белгилаб, юқори натижаларга эришиш учун мустаҳкам замин яратди.

Фото: "Дунё" АА
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистон университетларига Британиядан профессор-ўқитувчилар жалб қилинади