
Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб 6—7 июнь кунлари ёз фасли учун хос бўлмаган, нисбатан салқин ва нам ҳаво оқими кириб келиши кутилмоқда. Бу ҳақда «Ўзгидромет» маркази мутахассислари маълумот тарқатди.
Эртадан бошлаб, биринчи навбатда мамлакатимизнинг шимолий ва ғарбий ҳудудлари — Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида ҳаво кескин ўзгаради. Бу ерларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ ва кучли шамол кузатилиши мумкин.
7 июнь куни эса салқин ҳаво тўлқини Тошкент шаҳри ва вилояти, Сурхондарё ҳамда Фарғона водийси вилоятларини қамраб олади. Маҳаллий ҳудудларда ёғингарчилик кузатилади, момақалдироқли об-ҳаво билан бирга шамолнинг тезлиги ҳам кучайиши эҳтимоли мавжуд.
Ҳарорат кўрсаткичлари мамлакатимиз бўйлаб сезиларли даражада пасаяди. 6 июнда шимолий ва жанубий ҳудудларда, шунингдек, чўл зоналарида ҳарорат кундузи 28-33 даражагача, ёмғир пайтида эса 25-27 даражагача тушиши кутилмоқда. 7 июнда эса марказий ва шарқий вилоятларда ҳам ҳаво ҳарорати шу кўрсаткичларга тушади.
8 июн куни ёғингарчилик бутун республика бўйлаб тугайди ва ҳаво яна исий бошлайди, ҳарорат ўртача 2-3 даражага кўтарилади. Мамлакатимиз бўйлаб бу кунларда шамол тезлиги баъзи жойларда 13-18 метр/секундгача, айрим ҳудудларда эса 20-22 метр/секундгача етиши мумкин, бу ҳолатлар чанг-тўзон билан кузатилади.
Пойтахтимиз Тошкент шаҳрида 6 июнда ёғингарчилик бўлмайди, ҳаво ўзгариб туради ва кундузи ҳарорат 33 даража атрофида бўлади. 7 июнда эса қисқа муддатли ёмғир ва момақалдироқ кузатилади, шунингдек, ҳарорат 27-29 даражага тушади. 8 июндан эса пойтахтда яна ёғингарчиликсиз иссиқ об-ҳаво ўрнатилади, ҳарорат 33-35 даражага кўтарилади.
Шу сабабли фуқароларимиздан эҳтиёткор бўлишлари, кучли шамол ва момақалдироқ пайтида хавфсизлик қоидаларига риоя қилишлари сўралади. Йўлларда ҳаракатланишда ҳам эҳтиёткорлик талаб этилади.
Обу ҳавонинг бу каби кескин ўзгариши организм учун ноқулай таъсир кўрсатиши мумкин, шу сабабли соғлиғингизни эҳтиёт қилинг ва метеоогоҳлантиришларга доимо амал қилинг! «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар