
Президент Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ўртасида телефон орқали амалга оширилган мулоқот икки давлат ўртасидаги ўзаро ишонч ва дўстликни янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этди.
Суҳбат аввалида давлатимиз раҳбари Россия етакчиси ва кўп миллатли халқини “Россия куни” умуммиллий байрами билан самимий қутлади. Президент Мирзиёев Россия билан кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари йил сайин янада мустаҳкамланаётганини алоҳида таъкидлади.
Мулоқот чоғида икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг барча йўналишлари атрофлича муҳокама қилинди. Президентлар олий даражадаги учрашувларда эришилган келишувларни ҳаётга татбиқ этиш, кўп қиррали ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш ва ўзаро товар айирбошлаш суръатини барқарор сақлаб қолиш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.
Айниқса, саноат кооперацияси йўналишидаги қўшма лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, икки мамлакат ҳудудлари даражасидаги алоқаларни кучайтириш ва амалий ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг аҳамияти қайд этилди. Шунингдек, Ўзбекистон ва Россияда ўтказилаётган маданий тадбирлар, илмий ва таълимий алмашинувлар, адабиёт ва санъат соҳасидаги ҳамкорлик ҳам ижобий баҳоланди.
Мулоқот якунида давлат раҳбарлари ўзаро манфаатли шериклик ва дўстона муносабатларни янада чуқурлаштириш борасида қатъий эканликларини таъкидладилар. Икки томон мамлакатларимиз равнақи, минтақада барқарорлик ва тинчликни таъминлаш учун барча йўналишларда ҳамкорликни фаол давом эттиришга келишиб олдилар. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар