date
views 610

Эрон ҳаво ҳудуди ёпилди — бир нечта рейслар Тошкентга қайтарилди

Эрон ҳаво ҳудуди ёпилди — бир нечта рейслар Тошкентга қайтарилди
Uzbekistan Airports расмий манбасининг хабар беришича, Эрондаги кескин ҳарбий вазият туфайли мамлакат ҳаво ҳудуди вақтинча ёпилди. Бу ўзгариш халқаро рейсларга таъсир кўрсатиб, бир қатор рейслар Ўзбекистон пойтахти Тошкентга йўналтирилди.

Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг HY5343 рақамли Тошкент—Жидда рейси ҳаводан қайтиб, соат 06:18 да Тошкент халқаро аэропортига қўнди. Шунингдек, Fly Dubai авиакомпаниясининг FZ1942 (Тошкент—Дубай) рейси ҳам маҳаллий вақт билан 06:37 да Тошкентга фавқулодда қўнди.

Бундан ташқари, Air Cairo авиакомпаниясининг Олмаота—Шарм аш-Шайх йўналишидаги SM882 рейси (07:46) ва Qatar Airways'нинг Сеул—Доҳа рейси QR8985 (07:57) ҳам хавфсизлик мақсадида Тошкентга қўнди. Барча рейслар Uzbekistan Airports томонидан қабул қилиниб, йўловчилар зарур шароитлар билан таъминланди.

Центрум Эйр авиакомпаниясининг Тошкент—Доҳа рейси C63341 эса учиш олдидан кечиктирилди ва йўловчилар терминалда вақтинчалик жойлаштирилди.

Ушбу ўзгаришларга сабаб — Исроилнинг Эрон ядровий объектларига қарши амалга оширган кенг кўламли ҳарбий амалиёти бўлди. Исроил ҳужуми оқибатида Эрон фавқулодда ҳолат эълон қилиб, ҳаво ҳудудини ёпган. Бу вазият бутун минтақадаги ҳаво қатновига жиддий таъсир ўтказди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ўз фуқароларини огоҳлантирди. Исроилдаги ўзбек элчихонаси эҳтимолий ракета ҳужумларини ҳисобга олиб, юртдошларимизга хавфсизлик чораларини кўришни тавсия қилган. Эрондаги элчихона ҳам фуқароларни расмий маълумотлардан хабардор бўлиб туришга чақирди.

Парвозлар ҳолати ва рейслар ҳақида аниқ маълумотларни авиакомпаниялар расмий манбалари орқали кузатиб бориш тавсия этилади. Минтақадаги ҳар қандай вазият кескин ўзгариши мумкин.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Эрон ҳаво ҳудуди ёпилди — бир нечта рейслар Тошкентга қайтарилди