date

Тошкентда 30,5 миллиард долларлик шартномалар имзоланди

Тошкентда 30,5 миллиард долларлик шартномалар имзоланди
Тошкент шаҳрида 9–12 июнь кунлари бўлиб ўтган Халқаро инвестиция форуми нафақат мамлакат, балки бутун минтақанинг иқтисодий келажаги учун муҳим воқеага айланди. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизматининг маълумотларига кўра, тадбир якунида умумий қиймати 30,5 миллиард долларга тенг бўлган шартнома ва келишувлар имзоланди.

Форум миқёси ва иштирокчилар сони
Бу йилги форум ўз кўлами ва нуфузи билан аввалгилардан тубдан фарқ қилди. 97 та мамлакатдан 3 мингга яқин хорижий меҳмонлар, шу жумладан, халқаро бизнес элитаси, молия ташкилотлари раҳбарлари ва давлат вакиллари жами 8 мингдан ортиқ иштирокчи билан форумнинг нуфузини янада оширди.

36 та панел сессия — долзарб ечим ва янгича ғоялар
ТХИФ–2025 доирасида 150 дан зиёд нуфузли спикерлар — жаҳон иқтисодиётининг машҳур экспертлари, инвесторлар ва таниқли амалдорлар иштирокида 36 та панел сессия ўтказилди. Уларда глобал инвестиция трендлари, барқарор иқтисодий ўсиш ва инновацион ечимлар ҳақида фикр алмашилди.

Саноат кўргазмаси ва B2B учрашувлар
Форум доирасида Ўзбекистоннинг саноат салоҳиятини намоён этувчи катта ҳажмдаги саноат кўргазмаси ҳам ташкил этилди. Ҳар куни 2000 дан зиёд меҳмон ташриф буюрди. Кўргазма майдонида 500 дан ортиқ B2B ва B2G учрашувлар ўтказилди — бу эса келгусидаги ҳамкорликлар учун мустаҳкам пойдевор бўлди.

Янги истиқболлар сари қадам
Вазир Лазиз Қудратовнинг таъкидлашича, форум — халқаро инвесторлар, давлат идоралари ва молия институтларини бирлаштирган улкан платформа сифатида хизмат қилди. У ўз чиқишида шундай деди:

"Биз келгуси йилда Тошкентда янада илғор ташаббуслар, янги ғоялар ва инновацион ёндашувлар билан қайта тўпланишни орзу қиламиз."

Шу тариқа, Тошкент халқаро инвестиция форуми нафақат йирик инвестиция миқдори билан, балки юксак ташкилотчилик, мазмунли муҳокамалар ва истиқболли ҳамкорликлар билан ҳам муваффақиятли якунланди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Тошкентда 30,5 миллиард долларлик шартномалар имзоланди
-->