
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўтказилган навбатдаги йиғилишда мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлиги, маҳаллий даражадаги бошқарув тизимининг ҳолати ва халқни ўйлантираётган масалалар муҳокама этилди. Йиғилиш давомида туманлардаги бошқарув тизими танқид қилинди ва уни тубдан ўзгартириш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Президент туман даражасидаги бошқарувнинг самарасизлигини кескин танқид қилиб, юқоридан берилган топшириқлар пастдаги бўғин самарали ишламаса, натижага олиб келмаслигини билдирди. Масалан, туманларда фаолият юритаётган кадрларнинг ойлик маоши вазирликларникига нисбатан 3–4 баробар кам бўлиб, бу эса кадрлар қўнимсизлигига олиб келмоқда.
Президент таъкидлаганидек, туман ҳокимларига юздан ортиқ қонун ва қарорлар билан қарийб 500 та функция юклатилган бўлса-да, уларнинг кўп қисми ҳақида хабардор эмаслар. Бунинг сабаби эса, ҳоким ва унинг ўринбосарлари иш вақтининг 40 фоизини фақат йиғилиш ўтказишга сарфлашмоқда. Штатлар тақсимоти ва кадрлар сиёсати бўйича ҳокимлар ҳали ҳам мустақил қарор қабул қила олмаяпти. Бундай тизим ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга тўсқинлик қилмоқда.
Йиғилишда президент томонидан бошқарув тизимида туб ўзгаришлар жорий этилиши маълум қилинди. Ушбу янгича ёндашув йил якунига қадар аввал Сурхондарёда тўлиқ синовдан ўтказилади, шундан сўнг Қорақалпоғистон, Фарғона, Наманган, Бухоро ва бошқа вилоятлардаги 15 та танланган туман ва шаҳарда, жумладан Тошкент шаҳрининг Бектемир туманида ҳам жорий этилади.
Президент Сирдарё туманидаги моделни намуна сифатида кўрсатиб ўтди. Унга кўра, туман ҳокимлиги таркибига 9 та вазирлик ва идоралар (иқтисодиёт ва молия, инвестиция, қишлоқ хўжалиги, бандлик, қурилиш, экология, маданият, аёллар, ёшлар ишлари)нинг маҳаллий бўлимлари тўлиқ интеграция қилинади. Ҳоким мазкур идоралар штати ва фаолиятини тўлиқ бошқаради, ишга олиш ва бўшатиш масаласини мустақил ҳал этади.
Сирдарё туманида туман ихтиёрида қоладиган маблағ манбалари кенгайтирилади. Бунга маъмурий жарималар, давлат хизматларидан тушган даромадлар ва бошқа манбалар киради. Бу орқали туманда йилига қўшимча 12 миллиард сўм қолиши кутилмоқда.
Шунингдек, ҳоким 4 нафар ўринбосарга эга бўлади ва уларнинг вазифалари туманнинг ривожланиш стратегиясига мос ҳолда аниқланади. Масалан, Сирдарё ҳокими туризм, логистика ва сервисни устувор йўналиш сифатида танлаб, биринчи ўринбосарини айнан шу соҳалар учун жавобгар этиб тайинлаши мумкин.
Уларнинг ҳар бирига аниқ KPI (калит кўрсаткичлар) белгиланади. Агар бу кўрсаткичлар бажарилса, кейинги йилда ҳудудга ажратиладиган маблағлар 10–15% кўпайтирилади. Акс ҳолда, маблағ оширилмайди ва масъул раҳбарлар алмаштирилади.
Бу ислоҳотлар маҳаллий бошқарувни марказлаштириш эмас, балки туманлар даражасидаги мустақиллик ва самарадорликни оширишни кўзда тутади. Президентнинг ушбу янги тизими маҳаллий ислоҳотларнинг амалий натижаларини кўриш, халқ дардини ечиш ва туманлар ривожига жон бахш этишга қаратилган муҳим қадам ҳисобланади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар