
Ўзбекистон Республикасида йўл ҳаракати қоидалари бузилишлари бўйича жавобгарлик янада аниқ ва тиниқ тартибда амалга ошириладиган бўлди. ЎзЛиДеП фракцияси йиғилишида “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси атрофлича муҳокама қилинди.
Қонун лойиҳасининг энг муҳим жиҳатларидан бири — автоматлаштирилган фото ва видео воситалар орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидалари бузилишларига оид жавобгар шахсларни белгилашнинг янги, аниқ тартибининг жорий қилиниши. Бу эса, ҳуқуқбузарлик аниқ ким томонидан содир этилганини осон ва шаффоф тарзда аниқлаш имконини яратади.
Яна бир янгилик — йўл ҳаракати қоидаларини биринчи марта бузган ҳолларда, агар ҳуқуқбузарлик оғир бўлмаса, маъмурий огоҳлантириш чораси қўлланиши мумкин. Яъни, фуқароларга жазонинг юмшоқроқ, эътибор ва ахлоқий таъсирини оширадиган ёндашув яратилади. Бу янгилик ҳуқуқбузарларнинг қонунга бўлган муносабатини ислоҳ қилиш, уларда ҳуқуқий онг ва масъулият туйғусини кучайтириш мақсадида амалга оширилади.
Муҳокама жараёнида фракция аъзолари, айниқса, жарималарнинг белгиланган муддатда юборилмаслиги, бир неча ойдан кейин инсонларга жавобгарлик юклаётган тизимни қаттиқ танқид остига олишди. Қонун лойиҳасида мазкур камчиликларни бартараф этиш, жарималар фақат қонуний муддатда юборилишини кафолатлаш назарда тутилган.
Шунингдек, маъмурий жазолар турлари орасида маъмурий огоҳлантиришни алоҳида жорий этиш адолат ва тўғри ёндашув сифатида қайд этилди. Бу нафақат ҳуқуқбузарлик учун жазо, балки жамиятда қонунга итоат қилиш маданиятини ривожлантиришга қаратилган муҳим қадамдир.
Йиғилишда лойиҳа қонунчиликни янада такомиллаштириш, фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилиш ва жазонинг тарбиявий таъсирини ошириш йўлида муҳим аҳамиятга эга экани алоҳида таъкидланди. Фракция аъзолари лойиҳани қўллаб-қувватлашди ва уни янада такомиллаштириш бўйича таклифларини билдиришди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар