date

Шавкат Мирзиёев Қашқадарёда йўллар ва ислоҳотлар самарасини ўрганди

Шавкат Мирзиёев Қашқадарёда йўллар ва ислоҳотлар самарасини ўрганди
Қашқадарё вилоятида жорий ислоҳотлар ва ҳудудлар ривожи билан танишиш мақсадида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 19 июнь куни Қаршидан Шаҳрисабзга поездда сафар уюштирди. Давлат раҳбарининг матбуот хизмати маълумотига кўра, президент сафар давомида вилоят фаоллари билан учрашиб, шаҳар ва қишлоқлардаги замонавий ўзгаришлар, аҳоли турмуш даражаси ва тинчликнинг аҳамияти ҳақида суҳбатлашди.

Шавкат Мирзиёев, айниқса, иқтисодиёт тараққиёти ва аҳоли кайфиятига йўлларнинг ўрни беқиёс эканини таъкидлади. Президент мутасаддиларга йўллар ва кўприклар ҳолатини яхшилаш, лойиҳаларни тезлаштириш, ободонлаштириш ишларини кучайтириш юзасидан топшириқлар берди. Охирги икки йилда мамлакат миқёсида 40 минг километр йўл ва 540 та кўприк таъмирлангани, жорий йилда эса фақат Қашқадарёда 100 километр магистрал йўл янгиланиши белгилангани қайд этилди.

Президент ташрифини Қарши шаҳридаги замонавий “Алп техно сервис” электротехника корхонаси билан танишувдан бошлади. Шунингдек, ташриф доирасида вилоятдаги саноат, тиббиёт, туризм, энергетика каби муҳим соҳаларда фаолият олиб бораётган корхоналарнинг иш тартиби ва маҳаллалардаги қурилиш, ободонлаштириш ишлари ўрганилиши режалаштирилган.

Шунингдек, Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ва келгусидаги вазифалар бўйича кенг кўламли йиғилиш ўтказилиши ҳам кўзда тутилган.

Шавкат Мирзиёевнинг мазкур ташрифи доирасида вилоят аҳолиси турмуш даражасини ошириш, замонавий инфратузилмалар яратиш, маҳаллаларни янада обод ва фаровон қилишга қаратилган ислоҳотларнинг янги босқичи бошланиши кутилмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Шавкат Мирзиёев Қашқадарёда йўллар ва ислоҳотлар самарасини ўрганди