
Ўзбекистон ҳудудларига жазирама иссиқлар босқичма-босқич кириб келмоқда. «Ўзгидромет» хизмати томонидан тарқатилган охирги маълумотларга кўра, 23 июн, якшанба куни мамлакат бўйлаб ҳаво ҳарорати кескин кўтарилиши кутилмоқда. Айнан ҳафтанинг бошида айрим ҳудудларда суткалик ҳарорат +44°С даражагача етиши эҳтимолдан холи эмас.
Тошкент шаҳрида об-ҳаво асосан кам булутли бўлиб, ёмғир ёғиши эҳтимоли йўқ. Пойтахт осмонида қуёш чарақлаб туради. Шамол эса шарқий йўналишдан, 3–8 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси +21…+23°, кундузи эса +38…+40° атрофида бўлади. Бу эса пойтахт аҳолисидан алоҳида эҳтиёткорлик талаб этади — сув истеъмоли ва соя жойларда қолиш муҳим аҳамият касб этади.
Қорақалпоғистон ва Хоразмда чанг-тўзон хавфи
Республиканинг шимолий ҳудудлари — Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида ҳаво бироз булутли ва ўзгарувчан бўлади. Ёғингарчилик кузатилмайди, бироқ шамолнинг кучайиши натижасида баъзи жойларда чанг-тўзонлар пайдо бўлиши мумкин. Шамолнинг тезлиги 13–18 м/с, айрим минтақаларда 20–22 м/с гача кучайиши мумкин. Ҳарорат кечаси +20…+25°, кундуз куни эса +32…+37°, Устюрт платосида эса +27…+32° даражани ташкил этади.
Жазирама Бухоро ва Навоийда авжига чиқади
Бухоро ва Навоий вилоятларида ҳарорат энг юқори чўққиларига чиқиши кутилмоқда. Кундузи +42°С даражани ташкил этиши мумкин. Шамолнинг кучайиши ва чанг-тўзон ҳодисалари бу ҳудудларда ҳам қайд этилиши эҳтимолдан холи эмас. Кечаси ҳаво ҳарорати +23…+28° орасида бўлади.
Марказий ҳудудларда ҳам жазирама
Тошкент, Сирдарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида кундузги ҳарорат +35…+40° даражагача етиши мумкин. Шамол 7–12 м/с тезликда, баъзи жойларда 18 м/с гача бўлади. Бу ҳудудларда ҳам ҳаво бироз булутли ва қуруқ бўлиб қолади.
Қашқадарё ва Сурхондарёда қуёш тагида +44° иссиқ
Жанубий ҳудудлар, айниқса Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида жазирама айниқса кучли бўлади. Кундузи +44°С гача кўтарилиши мумкин. Бу ҳудудларда ҳам шамол кучайиши ва чангли бўронлар хавфи мавжуд.
Фарғона водийсида момақалдироқ эҳтимоли
Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида ҳаво бироз булутли, аммо айрим тоғ олди ҳудудларида кечаси ва эрталаб ёмғир ва момақалдироқ бўлиши мумкин. Кундузи ҳарорат +35…+40° атрофида бўлади. Бу вилоятларда шарқий шамол 5–10 м/с тезликда есиши кутилмоқда.
Тоғли ҳудудларда салқинроқ, лекин эҳтиёт бўлинг
Республиканинг тоғли ҳудудларида ҳаво салқинроқ бўлиб, кечаси +15…+20°, кундузи эса +28…+33° даражани ташкил этади. Шамол 13–18 м/с гача кучайиши мумкин. Шу билан бирга, 22 июн куни Тошкент, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларининг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин деган огоҳлантириш берилган. Тоғ этакларида яшаётган аҳолига эҳтиёт бўлиш тавсия этилади.
Тавсия:
- Иссиқ кунларда очиқ қуёш остида кўп вақт ўтказманг.
- Болалар, кексалар ва юрак-қон томир касалликларига эга фуқароларни жазирамадан эҳтиёт қилинг.
- Чанг-тўзон пайтида ниқоб тақинг, уйда қолишга ҳаракат қилинг.
- Ҳар куни камида 2–3 литр сув истеъмол қилинг. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар