
Ўзбекистон фуқаролари жуда юқори ҳароратдаги об-ҳаво оқими ҳақида жиддий равишда огоҳлантирилди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан берилган маълумотларга кўра, 2025 йил 2–5 июль кунлари мамлакат ҳудудига жануб томондан ўта иссиқ ва қуруқ ҳаво оқимлари кириб келиши кутилмоқда.
Гидрометеорологик кузатув маълумотларига асосан, 2 июл кунидан бошлаб Ўзбекистоннинг шимолий, жанубий ва чўл ҳудудларида ҳаво ҳарорати 40–43 даражагача, баъзи туман ва шаҳарларда эса 44–46 даражагача кўтарилиши эҳтимоли мавжуд. Бу иссиқ тўлқинлар нафақат фуқароларнинг саломатлигига, балки қишлоқ хўжалиги, транспорт ва энергетика соҳаларига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
3–5 июль кунлари республика бўйлаб шамолнинг тезлиги 13–18 м/с гача, айрим туманларда эса 20–25 м/с гача кучайиши, натижада чанг ва тўзон билан боғлиқ номақбул метеорологик шароитлар юзага келиши кутилмоқда. Бу ҳолат айниқса нафас йўллари касалликлари бўлган шахслар учун хавфли бўлиши мумкин.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги аҳолига бир қатор хавфсизлик тавсияларини эълон қилди. Хусусан, фуқаролардан қуёшнинг энг юқори нуқтада бўладиган пайтида (соат 11:00–17:00 орасида) очиқ ҳавода юрмаслик, баданнинг ёнишига сабаб бўладиган киемлардан сақланиш, кўпроқ суюқлик истеъмол қилиш ва қуёш нуридан ҳимояловчи воситалардан фойдаланиш сўралди. Шунингдек, ҳайдовчилардан автомашиналарни дарахтлар, электр устунлари ва баннерлар остида қолдирмасликлари тавсия этилди, чунки шамол натижасида улар қулаб тушиши мумкин.
Қуёш нурининг ортиқча таъсири болалар, кексалар ва сурункали касалликларга эга шахслар учун янада хавфлидир. Шу боис, шифокорлар бу тоифадаги фуқароларни иссиқ кунларда уйда қолишга, салқин жойларда бўлишга ва овқатланиш тартибига эътибор беришга чақиради.
Экологик ва метеорологик мутахассислар таъкидлашича, июл ойи давомида Ўзбекистонда ёғингарчилик кутилмаяпти, яъни бутун ой давомида об-ҳаво қуруқ ва жуда иссиқ кечиши эҳтимолдан холи эмас. Бу эса ўрмон ёнғинлари, сув танқислиги ва қишлоқ хўжалигидаги маълум бир муаммоларга сабаб бўлиши мумкин.
Шунингдек, аҳоли электр энергияси ва сувдан оқилона фойдаланишга даъват этилмоқда. Июль ойида кондиционерлар, совитгичлар, вентиляторлар ва бошқа иссиққа қарши техник ускуналар фаол ишлаши натижасида электр тармоқларига юклама ортган ҳолда ишлайди. Бу каби шароитларда энергияни тежаш нафақат аҳолининг иқтисодий манфаати, балки умумий тизим барқарорлиги учун ҳам муҳимдир.
Мутахассислар томонидан сўнгги йилларда об-ҳаво шароити кескин ўзгариб, глобал исиш аломатлари тобора яққол сезилаётгани таъкидланмоқда. Бу эса ҳар бир инсонни экологик масъулиятни ҳис қилиш, табиатни муҳофаза қилиш ва иссиқ ҳаво оқимларининг салбий таъсирини камайтириш учун зарур чоралар кўришга ундайди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар